Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Андижон вилояти ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг янги босқичи

2017-06-05 | Сиёсат

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари 2 июнь куни аҳолининг дам олиши учун муносиб шароитлар яратиш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ташкил этиш, экспортни кенгайтириш лойиҳалари билан танишди, янги намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашди. Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, жумладан, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. 

Президентимиз 3 июнь куни Андижон шаҳридаги “Ёйилма” маҳалла фуқаролар йиғинига ташрифи чоғида маҳалла ҳаёти билан танишди, одамлар билан мулоқот қилди. Маҳалла фуқаролар йиғини гузари қурилиши лойиҳаси, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Бу ерда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, кутубхона, минимаркет, қариялар дам олиш жойи, болалар майдончаси, фаввора, тренажёр майдони, сартарошхона, "Гўзаллик салони", новвойхона қурилмоқда. 

Маҳалла аҳли билан мулоқотда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш ва адашганларни тўғри йўлга қайтаришда нуронийларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш масалалари ҳақида сўз юритилди. 

Фарзандларимизни болалигидан гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялашимиз лозим, деди Президентимиз. Бунинг учун муносиб шароит яратишимиз керак. Улар чиройли, обод жойларда яшаса, кўп китоб ўқиса, маънавий олами бой, ватанпарвар бўлиб вояга етади. 

Ёйилма маҳалласидаги 60 дан ортиқ кўп қаватли уйда 5 минг 800 дан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Ҳудудда 8 болалар майдончаси, мини-футбол, баскетбол, футбол майдонлари бор. 1 коллеж, 1 умумтаълим мактаби, 2 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. 

Президентимиз маҳалладаги кўп қаватли уйлар, коллеж, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари атрофини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Маҳалла профилактика инспектори Фаррух Ғаниев хонадонида бўлди. 

Профилактика инспекторларини маҳаллалар марказида хизмат уйлари билан таъминлаётганимиз бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев. Профилактика инспектори маҳаллада яшаб, фаоллар билан бамаслаҳат иш олиб борса, ҳудудда маънавий муҳит яхшиланади, жиноят содир этилмайди. Бу аҳолининг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини оширади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги қарорига мувофиқ Андижон шаҳрида кўп қаватли 37 замонавий уй-жой бунёд этилиши белгиланган. Бугунги кунда Султон Жўра номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида 294 хонадонга мўлжалланган еттита кўп қаватли турар жой бунёд этилмоқда. 

Бу турар жойлар биринчи галда уйга муҳтож одамларга берилади. Ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши, мустақил, эмин-эркин яшаши учун шароит яратади. 

Андижон шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. 

Андижон шаҳрининг бош режасига мувофиқ шаҳар ҳудудини кенгайтириш режалаштирилган. Кўп қаватли уй-жойлар, таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари қурилиши мўлжалланган. 

Универсал спорт мажмуаси улардан бири. Мажмуа лойиҳасини такомиллаштириш, фаолиятини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Мажмуа кўп тармоқли, кўплаб спорт турларига ихтисослашган бўлади. Спорт федерациялари шу ерга жойлашади. Мажмуада халқаро мусобақалар, оммавий-маданий тадбирлар ўтказиш учун зарур шароит яратилади. 

Президентимиз ташаббуси билан Андижон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбони ва мактаби ташкил этилмоқда. Бу борадаги режалар билан танишув чоғида хиёбонда Муҳаммад Юсуф ҳайкалини ўрнатиш, мактаб фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди. 

Андижон шаҳрида Республика ихтисослаштирилган кардиология ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларини ташкил этиш, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасини реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш режалаштирилган. 

Бу шифохоналар ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида ўтказиш, касалликларни самарали даволаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. 

Аҳоли ҳаёти, саломатлиги билан боғлиқ бу шифохоналарни тезроқ ишга тушириш, вилоят туманларида уларнинг субфилиалларини ташкил этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, профилактика ишларини кучайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. 

Давлатимиз раҳбари эски «Андижонмаш» акциядорлик жамиятида бўлди. Бу ерда ташкил этилиши режалаштирилаётган кичик саноат зонаси лойиҳаси билан танишди. 

Бўш турган ер майдони 19,16 гектар бўлган мазкур ҳудудда ташкил қилинадиган саноат зонасида енгил саноат, электрокабель, чарм-пойабзал маҳсулотлари, эшик-ром, мебель, дори-дармон, пластмасса ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари қайта ишланади. 2 минг янги иш ўрни очилади. 

Саноат зонасида тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан 127 миллиард сўмлик 15 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. 

“Engelberg Group” МЧЖнинг янги фабрикаси ана шу лойиҳалардан бири. Алюмин профилли ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Туркия ва Германиядан келтириладиган замонавий технологиялар билан жиҳозланади. “Роҳат савдо сервис” МЧЖ томонидан суспензиялар, тиббий мазлар, ампулалар, сироп ва таблеткалар ишлаб чиқарилади. 

Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятда изчил ишлар олиб борилмоқда. 

Вилоятдаги хусусийлаштирилган ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Бу борада шаҳар ва туманларда қўшимча хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар 5 минг 697 бино-иншоот хатловдан ўтказилиб, уларнинг 283 таси бўш турганлиги аниқланган. Шулардан 210 тасида янги лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган. 

Президентимизга тақдим қилинган лойиҳалар кичик ва йирик ГЭСлар қуриш, газ таъминоти тизимини такомиллаштириш, цемент ва оҳак ишлаб чиқариш каби йўналишларга мўлжалланган. 

Булоқбоши туманида Хитой технологияси асосида йилига 21 минг тонна кимёвий чўктирилган бўр маҳсулоти ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Маҳсулот тўлиқ маҳаллий хомашё – оҳактошдан олинади. Корхона ишга тушгач, чет элдан сотиб олинаётган шу турдаги маҳсулотга бўлган талаб қондирилади, уни экспорт қилиш йўлга қўйилади. 

Давлатимиз раҳбари лойиҳа ташаббускорлари – тадбиркорлар билан суҳбатлашди. 

“Ўзфармсаноат” компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган фармацевтика соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. 

«Трастбанк» томонидан Андижон туманида “Zamin Bio Health” жамиятида йиллик қуввати 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа амалга оширилгач, 100 киши иш билан таъминланади. 

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган мазкур соҳани ривожлантириш дастури лойиҳаси яратиладиган иш ўринларининг кўплиги билан эътиборни тортди. 

Президентимиз “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси Андижон вилоятида амалга оширишни режалаштирган лойиҳалар билан танишди. Янги автомобиль русуми – «Chevrolet tracker»ни ишлаб чиқариш бўйича маълумот берилди. 

Бунда енгил автомобилларнинг ускуна ва жиҳозларини модернизация қилиш, енгил автомобиллар қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, янги моделдаги автомобиллар учун интерьер, штампланган, пайвандланган панеллар, радиатор, кондиционер тизимлари, ўриндиқлар, овоз сўндиргич тизими қисмлари, газ чиқариш тизимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Андижон шаҳри Миллий тикланиш кўчаси, 24-уйда жойлашган мазкур қабулхонада халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. 

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи – одамлар билан самимий мулоқотлар, сафар давомида белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Манба: ЎзА

Поделиться