Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

2017-06-05 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 
 
Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Юртимиз вакилларининг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, республикамиз ҳудудларида жаҳон андозаларига мос муҳташам спорт иншоотлари барпо этилаётгани, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида уч босқичдан иборат "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинлари оммалашиб бораётгани, айниқса, эътиборлидир. 

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб-ташвиқ қилиш, ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларни зарарли одатлардан асраш, уларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ва долзарб вазифалар турибди. 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, мамлакатимизда бу борада яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш натижадорлигини ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин: 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш; 

таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш; 

оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда уни амалга ошириш жараёни тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш. 

2. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Республика комиссияси (А.Н.Арипов) вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Дастурда назарда тутилган барча чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилиши юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш; 

бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Дастур ижросини таъминлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилишини таъминлаш; 

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан ушбу қарор ва дастурдан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини таъминлаш; 

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган барча спорт турлари бўйича тегишли республика ва ҳудудий спорт федерацияларига (уюшмаларига) бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир барча масалалар ҳал этилишини таъминлаш; 

икки ой муддатда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкиллаштириш ва назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 

Республика комиссияси томонидан амалга оширилган ишларнинг натижалари мунтазам равишда ҳукуматнинг ярим йиллик мажлисларида муҳокама қилиб борилсин. 

3. Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; 

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, жамғармалар, спорт федерациялари (уюшмалари), клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари аҳоли, ўқувчи ва талабаларни спорт мусобақаларига, республика спорт тадбирларига юбориш учун маблағлар Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган маблағлар доирасида асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилишини таъминласин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси: 

спорт иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин; 

Дастурни амалга ошириш доирасида бажариладиган лойиҳавий ва қурилиш-монтаж ишлари сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин ҳамда буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан тузилган шартномалар шартлари бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан билдирилган ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида спорт тиббиёти бўлимларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги таклифлар маъқуллансин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига: 

Дастур ва унинг асосида ишлаб чиқилган ҳудудий дастурларда белгиланган барча чора-тадбирлар ижроси ўз муддатида сифатли амалга оширилиши юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий ишчи гуруҳларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш; 

Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларининг ўқув-машғулот йиғинлари, жаҳон биринчиликлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари, халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишларини таъминлаш мақсадида мусобақалар якунларида эришилган натижаларни чуқур таҳлил қилиш ва тизимли мониторингини олиб бориш; 

ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган спорт мактабларига, таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни қабул қилиш жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш юзасидан доимий равишда таъсирчан чоралар кўриш ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича қўмитанинг мажлисларида танқидий-таҳлилий муҳокамадан ўтказиш вазифалари юклансин. 

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари: 

спорт иншоотлари йил давомида узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш, улардан самарали фойдаланиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, эҳтиёжга кўра спорт иншоотларини муқобил энергия манбалари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин; 

тегишли ҳудудда спорт федерацияларига (уюшмаларига) бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш турлари (бино ва иншоотлардан бепул фойдаланиш, маблағлар ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш ва ҳ.к.) бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир барча масалалар ҳал этилишини таъминласин; 

спорт таълим муассасалари ва мажмуалари ихтиёридаги ер майдонларини (очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотларини) тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилишига қатъий риоя қилинсин. 

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда унинг доирасида ташкиллаштириладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳоли орасида мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласин. 

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 3 июнь

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

 
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида аҳолининг, айниқса, ёш авлод­нинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилди, спорт мусобақа­лари орқа­ли ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳ­кам­­лаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Юртимизда ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бораёт­ган, таълим муассасаларида таҳсил олаётган навқирон ўғил-қизларимиз учун чина­кам чиниқиш ва маҳорат мактабига, катта ҳаёт йўлига парвоз майдонча­сига айланиб улгурган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақаларини ўзида мужассамлаган уч босқичдан иборат яхлит тизим яратилди. Мазкур тизим орқали бугунги кунда нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчилар етишиб чиқмоқда. Энг муҳими, ушбу мусобақалар ёшларимизни оммавий тарзда спортга, соғлом турмуш тарзига ошно қилиш воситасига айланди. 

Фақат сўнгги беш йил ичида республикамизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳ­кам­лаш учун бюджетдан 1 триллион 230 миллиард сўм маблағ ажратилди. 

Шу билан бирга, бугунги кунда аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан қамраб олиш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломлик ҳамда етукликнинг асосий шартларидан бири эканлигини фаол тарғиб этиш, ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан спорт соҳасида алоҳида иқтидор эгаларини саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш каби масалалар тизимли асосдаги ечимини кутмоқда. Қатор спорт муассасаларининг моддий-техник базаси замон талабларига жавоб бермайди, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда. 

Мазкур соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси­да жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, унга мувофиқ кенг кўламли, аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан, дастурга мувофиқ: 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизи­ми­ни ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳ­кам­лаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш; 

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш; 

таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш каби йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. 

Дастур ижроси доирасида спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штатлар жадвалига “Спортчи” лавозими жорий этилиши Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада мустаҳкам­лаш­га йўналтирилган муҳим қадам вазифасини ўтайди. 

Дастурда, шунингдек, барча таълим муассасалари спорт иншоотларида дарсдан сўнг ўқувчи ва талабалар учун спорт тўгараклари ҳамда спорт клублари фаолиятини тизимли ташкил этиш ва бошқаришни йўлга қўйиш мақсадида спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда болалар-ўсмирлар спорт мактабларида “Спорт тўгараги ва селекция бўйича тренер” лавозимини киритиш белгиланган. Мазкур лавозимни жорий этиш орқали таълим муассасаларида ташкил этиладиган спорт тўгараклари билан қўшимча равишда минглаб ўқувчи ва талабаларни қамраб олишга эришилади ва уларга спорт билан мунтазам равишда шуғулланиш­ларига қулай имкониятлар яратилади. 

Бундан ташқари, дастурда жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клублари фаолиятини олимпия, миллий ва бошқа спорт турлари кесимида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш белгилангани уларнинг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонининг таъсис этилиши эса соҳа фидойилари меҳнатини янада муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади. 

Дастурга кўра, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида ўтказиладиган уч босқичдан иборат "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинлари дастурларини спортнинг оммавий турлари ҳисобига кенгайтириш, нуфузини ошириш ва мусобақа ғолибларини муносиб рағбатлантириш тизимини тубдан такомиллаштириш назарда тутилган. 

Ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли равишда ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича Республика ва ҳудудий кенгашлар фаолиятининг ташкил этилиши, жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларининг амалга оширилиши пировардида халқаро мусобақаларда спортчиларимиз ютуқлари салмоғини оширишга хизмат қилиши шубҳасиздир. 

Қарорда ўз ечимини топган муҳим масалалардан яна бири –ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида спорт тиббиёти бўлимларининг ташкил этилиши ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгилаб қўйилганидир. 

Дастур доирасида режалаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва ом­ма­вий спортни янада ривожлантириш мақсадида жами 995,2 миллиард сўм­­дан зиёд маблағ сарфланиши назарда тутилган бўлиб, шундан 706,2 миллиард сўмдан ортиқ қисми ушбу йилларда жами 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструк­ция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашга йўналтирилади. 

Қарор ва дастур доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг жамиятимиз ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, аҳолининг барча қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни яратиш орқали уларни оммавий тарзда спортга, соғлом турмуш тарзига ошно қилиш, қолаверса, нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчиларимиз сафларини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.

Манба: ЎзА

Поделиться