Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ерни ноқонуний эгаллашга чек қўйилмоқда
2017-06-04 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси жойларда ер қонунчилигига амал қилиниши, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида матбуот анжумани ўтказди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги "Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони соҳа ривожида дастуриламал бўлиши алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимиз учун ғоят долзарб аҳамиятга эга бўлган суғориладиган ерлар мамлакат умумий майдонининг 9,6 фоизини ташкил этиб, уларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 95 фоиздан ортиғи етиштирилади. Мазкур майдонлардан қай тарзда фойдаланилаётганини аниқлаш мақсадида қўмита ва унинг қуйи тизимлари Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг қарори билан тасдиқланган текширишлар жадвалига асосан жорий йилнинг биринчи чорагида 75 ердан фойдаланувчининг ердан фойдаланиши юзасидан текширишлар ўтказгани, уларнинг аксариятида турли қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани қайд этилди.
– Қонунбузилиш ҳолатини содир этган олтмишдан зиёд раҳбар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жаримага тортилди, – дейди "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раиси ўринбосари Т.Абдуллаев. – Бевосита ўтказилган мониторинглар натижасида 1 минг 856 ҳолатда икки минг гектардан ортиқ ерда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бунда уй-жой ва бошқа бинолар қуриб олиш учун ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш, кўп йиллик дарахтлар экиш ҳамда тупроқ унумдорлигини пасайтирувчи ҳолатлар кўп кузатилмоқда.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва амалдаги қонунлар асосида кўрилган чоралар, жойларда ўтказилаётган семинарлар, профилактика тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Ердан фойдаланиш соҳасида қонунбузилиш ҳолатларини содир этиш эҳтимоли бўлган 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти йўл қўйган хато ва камчилик бартараф этилди. 150 дан ортиқ ер қонунчилиги бузилиши ҳолатининг олди олинди.
"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси жойларда ер қонунчилигига амал қилиниши, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш борасидаги чораларни янада қучайтириш мақсадида кўплаб инвестициялар жалб этмоқда.
– Лалми, қурғоқчил ҳудудлардаги ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида БМТ ва Глобал экологик жамғарманинг маблағлари жалб этилди, – дейди лойиҳа раҳбари Т.Фармонов. – Мазкур лойиҳа Зомин ва Қоракўл туманларида жорий этилмоқда. Ҳозир Зомин туманида озуқа экинлари уруғчилигига ихтисослашган учта участка ташкил этилди. «Ҳулкар писта» фермер хўжалигининг 2 гектардан зиёд майдонида томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Қоракўл туманида чўпонлар учун мобиль уйлар қурилади. Ўндан зиёд қудуқ таъмирланди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Манба: ЎзА