Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бозор талаблари асосида иш юритиш зарур
2017-06-02 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бўз туманида енгил саноат соҳасидаги лойиҳалар билан танишди.
Бугунги кунда Андижон вилоятида 20 йирик енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Етиштирилган пахта толасининг 82 фоизи вилоятда қайта ишланмоқда.
"Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти ва тижорат банклари ҳамкорлигида Андижон вилоятида 2017-2018 йилларда 19 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг самарасида тармоқнинг экспорт салоҳияти 2,8 баробар ошади, қарийб 9 минг 850 иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳаларнинг 8 таси Миллий банкнинг молиявий кўмагида Андижон шаҳри, Андижон, Пахтаобод, Шаҳрихон, Бўз, Балиқчи туманларида амалга оширилади. Мазкур лойиҳалар 4,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 1 минг 325 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
Хўжаобод туманидаги «Нил Гранит» масъулияти чекланган жамияти «Samo» бренди остида йилига 5 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқармоқда. 480 киши меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари Россия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Корхонада ип-калава ва мато бўяш, тайёр мато ишлаб чиқариш ва уларга безак беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг самарасида экспорт ҳажмини 25 миллион долларга етказиш, қўшимча 1 минг 180 иш ўрни яратиш мўлжалланган.
«Олтин мато текс» масъулияти чекланган жамияти томонидан Андижон шаҳрида ташкил этиладиган корхона ҳам соҳадаги истиқболли лойиҳалардан биридир. Корхонада Япония, Бельгия, Туркиядан келтириладиган ускуналар асосида тайёр кийим-кечаклар, трикотаж мато, ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
«Водий саноат фахри» ва «Сайёра фаввораси» масъулияти чекланган жамиятларида ҳам ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотларни дунё бозорига чиқариш, аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Президентимиз мазкур лойиҳаларнинг ташаббускори бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот тайёрлаш, замонавий технология ва тенденциялардан кенг фойдаланиш, аниқ ҳисоб-китоб билан иш юритиш бўйича тавсиялар берди.
Манба: ЎзА