Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Таълим ҳуқуқини кафолатлаш: муаммоларнинг ечими қандай?

2017-06-02 | Таълим

Мамлакатимиз Бош Қомусида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани кафолатланган. Шу билан бирга, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга экани, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамланган. 

Бу мамлакатимизнинг инсонпарвар сиёсати, халқимизнинг болажонлиги, уларга ғамхўрлик кўрсатишига оид азалий қадриятларимизнинг қонуний ифодасидир. Бу тамойиллар ҳаётимизда ўз ифодасини топаётгани болалар учун яратилган қулай шарт-шароитларда яққол намоён бўлмоқда. 

Фарзандлар камоли учун яратилган ҳуқуқий асослар ва амалий чора-тадбирлар БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига мос. Зеро, унда болалар ҳуқуқлари таъминланиши, уларнинг бекаму кўст вояга етиши учун ғамхўрлик кўрсатиш тамойили устуворлик қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида «Вояга етмаганларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаш: муаммо ва ечимлар» мавзуида ташкил этилган конференцияда шулар ҳақида сўз юритилди. Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси ташкил этган тадбирда депутатлар, БМТ Болалар жамғармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва ёшлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари У.Суннатов, халқ таълими вазирининг ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари доимий ҳимояда эканини, айниқса, фарзандларимизнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари тўла таъминланганини таъкидлади. 12 йиллик бепул мажбурий таълим тизими йўлга қўйилгани ҳар бир болани таълимга жалб этиш имконини бермоқда. Бунинг учун ҳар йили давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғи ушбу соҳага йўналтирилади. 

Конференцияда БМТ Болалар жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари С.Грауманн Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилаётганини таъкидлади. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида соҳани янада такомиллаштириш назарда тутилгани диққатга сазовор. Унда кўзда тутилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, таълим сифатини янада яхшилаш мақсадга мувофиқ. Имконияти чекланган ҳамда мактаб ёшига етмаган болаларга таълим беришни кенгайтириш бугунги кун талабларидандир. 

Тадбирда мактабларда таълим сифатини яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Дарсликлар сифатини яхшилаш, ўқитувчилар малакасини ошириш борасида амалий саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Ҳар бир синфда ўқувчилар сони 35 нафар этиб белгилангани нафақат ўқитувчи, балки ўқувчиларга ҳам қулайлик яратади. Имконияти чекланган болалар учун 85 махсус мактаб фаолият юритмоқда. Мактабга чиқиш имкони бўлмаган 10 мингдан ортиқ ногирон бола учун жалб этилган ўқитувчилар уларга ўз уйида билим бермоқда. Мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мақсадида мавжуд боғчаларнинг кўпчилиги таъмирланди ва бу жараён давом этмоқда. Қўшимча 50 мактабгача таълим муассасаси қурилиши натижасида бу борада болаларни қамраб олиш 1,5 бараварга ортади. 

Мамлакатимизда вояга етмаганларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари таъминланиши билан бирга уларнинг фаровон ҳаёт кечириши, иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши учун барча шароит яратилган. 300 дан зиёд мусиқа мактаби, минглаб спорт мажмуалари мавжудлиги шунга кенг йўл очаётир. 

Фарзандларимиз учун яратилган имкониятлар уларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишига замин яратмоқда. Бу борада таълим муассасалари, ота-оналар, ўзини ўзи бошқариш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Бу тизим орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вояга етмаганларни турли иллатлардан, ахборот хуружларидан асрашда самарали натижаларга эришилмоқда. 

Конференцияда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться