Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига келди

2017-06-02 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 июнь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Андижон вилояти ҳам изчил ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгариб, одамларнинг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқда. 

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар, кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Андижон шаҳридаги Ўзбекистон, Мустақиллик, Истиқлол, Бобур кўчаларининг замонавий қиёфаси вилоятнинг бугунги тараққиёти ифодасидир. 

Андижонда саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, савдо, хизмат кўрсатиш, санъат, спорт каби соҳалар изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,5 фоиз ўсган. 

Вилоятда беш мингга яқин саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Маҳсулотларнинг 95 фоиздан ортиғи автомобилсозлик, енгил саноат, кимё, нефть-кимё, озиқ-овқат саноати тармоқларида ишлаб чиқарилмоқда. 

Асака шаҳридаги “Женерал моторс Ўзбекистон” қўшма корхонаси бу борада алоҳида ўринга эга. Бу завод мамлакатимизда янги тармоқ – автомобилсозлик саноатига асос бўлди, у билан боғлиқ инфратузилмалар, хизмат соҳалари шаклланди. Заводда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. 

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Уларнинг сафи кенгайиб, товар ва хизматлар тури ортиб бормоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоизи шу соҳада фаолият кўрсатиб, даромад топмоқда. 

Андижонликлар миришкорлиги, изланувчанлиги билан машҳур. Вилоят деҳқонлари мамлакатимиз пахта ва ғалла хирмонининг 8-9 фоизини, мева-сабзавотнинг 11,5 фоизини етиштирмоқда. 

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 1 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли режа ва мақсадларни баён қилган эди. 

Давлатимиз раҳбари Андижонга ташрифи давомида ана шу режалар, Ҳаракатлар стратегияси ижроси, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ва амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишади. 

 
Анвар Самадов, Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться