Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Депутатлар Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқдилар

2015-03-12 | Сиёсат

11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ҳисоб палатасининг 2014 йилги ҳисоботини кўриб чиқдилар. Ушбу масала бўйича Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Қ.Акмалов сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан парламентга берилган ваколатлари доирасида Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг ҳисоботи ҳар йили кўриб чиқилади. Аввал хабар қилинганидек, Ҳисоб палатасининг 2014 йилги ҳисоботи масъул қўмита, парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи мажлисларида ҳар томонлама кўриб чиқилди. Муҳокамалар чоғида депутатлар парламент назоратини кучайтириш ва қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, назорат тадбирларига мамлакатимиз фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини жалб этиш соҳасида парламент ва Ҳисоб палатаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқдилар.

Ҳисоботни эшитиш давомида таъкидландики, Ҳисоб палатаси фаолияти ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.

Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда қайд этиб ўтилганидек, унинг ишида Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқ Давлат бюджети самарали бажарилишига, молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилишига, иқтисодиёт барча соҳаларининг тобора ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган давлат дастурлари ва минтақавий ривожланиш дастурларининг ижросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, 2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда мамлакатимиз Давлат бюджети лойиҳасининг экспертизаси ўтказилди. "Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида сиёсий партиялар даромадларини шакллантиришнинг тўлиқлиги ва улардан мақсадли фойдаланилиши текширилди.

Бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар мисолида республика ва маҳаллий даражаларда Давлат бюджети ижроси, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли ва самарали сарфланиши текширилди. Давлат бюджети даромад қисмининг ҳудудлар ва тармоқлар бўйича шаклланиши тўғрилиги, бюджетнинг моддама-модда ва тўла-тўкис ижро этилиши таҳлил қилинди, бюджет даромадларининг асосий моддалари бўйича прогноз кўрсаткичлари ҳақиқатга тўғри эканлиги баҳоланди.

Ҳисоб палатаси, шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўлиқ шаклланиши, улардан мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланилиши устидан доимий назоратни амалга оширди, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш, харажатларни мақбуллаштириш ва дотация даражасини пасайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижаларини ҳудудларга чиқиб ўрганди.

Парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг ўтган йилга доир ҳисоботи эшитилганидан кейин унинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди, унда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари таъкидлаб ўтдиларки, Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот даврида 149 та ташкилотда 33 та йўналиш бўйича назорат-тафтиш ишлари амалга оширилди. Ушбу иш жараёнида Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари, давлат дастурлари, инвестиция дастурлари рўёбга чиқарилиши, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилашнинг амалга оширилиши батафсил ўрганилди.

Молиявий қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари парламентнинг назорат қилишга оид ваколатларини кучайтириш, ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масалаларида парламент ва Ҳисоб палатаси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур деб ҳисоблайдилар.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар таъкидладиларки, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва хомашё салоҳиятидан оқилона фойдаланиш ҳамда минтақалар иқтисодиётини мустаҳкамлаш асосида маҳаллий бюджетларнинг даромадларини ошириш зарур. Депутатлар қайд этиб ўтганларидек, йўл қўйилган камчиликларни, бюджет интизоми бузилишлари ҳолатларини ҳар томонлама ўрганиш муҳимдир. Шу муносабат билан тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг аниқланган камчиликларни бартараф этиш, уларнинг юзага келиши сабабларини аниқлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусидаги ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боришни йўлга қўйиш орқали парламент назоратини кучайтириш зарур.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари Ҳисоб палатаси ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатлари таъминланганлиги, ижтимоий соҳани ривожлантириш мақсадли комплекс дастурлари бўйича харажатларни қоплаш асослилигининг таҳлилини ўтказганига эътибор қаратдилар. Ҳисоб палатаси томонидан аҳолининг кам таъминланган қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлиги, шунингдек, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий нафақалар тўлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Хусусан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг ижросидаги камчиликлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга нафақалар тайинлашда нохолис ёндашув билан боғлиқ муаммолар аниқланди.

Шу муносабат билан фракция вакиллари Ҳисоб палатасига назорат тадбирларини амалга оширишда молиявий ҳуқуқбузарликлар содир этилмасидан олдин уларни бартараф этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратишни таклиф этдилар.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси аъзоларининг фикрича, Ҳисоб палатаси агросаноат комплекси хўжалик юритувчи субъектларининг молиявий ҳолати устидан назоратни кучайтириши ва унинг натижалари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши зарур. Таъкидландики, кўрилаётган чора-тадбирларни чуқур таҳлил қилиш ва баҳолаш орқали аҳолининг харид қилиш қобилиятини янада ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳам муҳимдир. Бундан ташқари, Давлат бюджетини ижро этиш соҳасидаги қоидабузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш лозим.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари Ҳисоб палатасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги молиявий ҳуқуқбузарликлар ҳолларини, уларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш бўйича фаолиятини таҳлил қилдилар. Ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини аниқлаш, назорат тадбирларини кучайтириш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳокамада билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати

Манба: ЎзА

Поделиться