Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирликнинг навбатдаги Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди
2017-05-30 | Технологиялар
29 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда алоқа тармоқлари сифати, интернетнинг миллий сегменти ва контент ривожи, рақамли технологияга ўтишнинг техник ва технологик ҳолати каби масалаларга эътибор қаратилди.
Жумладан, вазирликка вилоят ҳамда туманлардаги автомобиль йўлларида мобил алоқа сифатининг ёмонлашувига доир шикоятларнинг келиб тушаётгани қайд этилиб, мобил алоқа операторларига 2017 йилнинг 2 ярим йиллиги ва 2018 йилга мўлжалланган режа асосида, энг қисқа муҳлат ичида алоқа тармоқларини кенгайтириш, хусусан вилоят ва туманларда қўшимча мобил алоқа станцияларини ўрнатиш орқали аҳоли пунктлари ҳамда автомобиль йўлларида мобил алоқа сифатини яхшилаш вазифаси юклатилди.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига телекоммуникация соҳасида фаолият кўрсатувчи хўжалик субъектлари томонидан хизмат кўрсатиш чоғида йўл қўйилаётган камчиликлар ва сифатсиз хизматлар учун кўриладиган жазо чораларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.
Ҳайъатда Интернет тармоғидаги Миллий сегмент ривожланиши, жумладан, UZ доменидаги сайтларнинг ўсиши, ZiyoNET таълим тармоғи доирасида яратилаётган ресурсларнинг ривожланиши бўйича статистик кўрсаткичларга ҳам алоҳида диққат қилинди. Шунингдек, Миллий сегментнинг ривожланиши билан боғлиқ муаммолар, хусусан ҳостинг хизматларининг қимматлиги, миллий веб-ресурсларнинг секин оммалашаётгани ва бошқа омиллар қайд этилди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш таклифлари муҳокама қилинди. Жумладан, оператор ва контент яратувчиси ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобли механизмни жорий қилиш, ZiyoNET таълим тармоғи фаолиятини такомиллаштириш каби вазифалар мавжуд.
Кун тартибига кўра, Ҳайъат йиғилишида сўнгги масала сифатида рақамли телевидениенинг жорий этилиш ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, айни кунда аҳолини рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олиниши 95 фоизга етган. Аналог телевидениени 2018 йилдан бошлаб босқичма-босқич ўчириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини манфаатдор ташкилотлар билан келишишни жадаллаштириш юзасидан масъулалрга тегишли вазифалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида юртимизда рақамли телеузатишни ривожлантириш бўйича алоҳида вазифалар юкланган бўлиб, йил охирига қадар Ўзбекистондаги йирик шаҳар ҳамда туман марказларига яна 25 та юқори қувватли, шунингдек олис ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларида 293 та кам қувватли рақамли телевизион сигналлар узатувчи қурилмалар ўрнатиш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги