Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг янги сифат босқичи: Фармонни ҳаётга тадбиқ этишнинг муҳим масалалари
2017-05-27 | Иқтисодиёт
Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг янги сифат босқичи: Фармонни ҳаётга тадбиқ этишнинг муҳим масалалари” мавзусида журналистлар билан мулоқот ўтказилди.
Тадбирнинг ўзига хос хусусияти шундаки, учрашувда бевосита тадбиркорлар ҳам иштирок этдилар ва кўтарилган масалалар бўйича ўз нуқтаи-назарларини баён қилдилар.
Анжуманда қайд этилганидек, сўнгги йилларда хусусий мулк ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этиш, хусусий секторга кенг эркинлик беришга оид бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилинганлиги соҳа фаолиятининг кафолатлар доирасини янада кенгайтирди.
Бу борада Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш ва ҳимоя қилишга доир Фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу Фармон доирасида қабул қилиниб, жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган Қонунда тадбиркорларнинг маъмурий ва жиноий жавобгарлигини либераллаштириш билан бир қаторда, улар фаолиятида назорат идоралари томонидан ўтказиладиган текширишлар бўйича янги тартиблар белгиланди.
Жумладан, Қонунга асосан эндиликда хусусий сектор вакилларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди.
Шунингдек, Жиноят Кодексининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 7 та моддаси биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилди.
Бундай асослар билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40 та моддаси бўйича ҳам тадбиркорлар жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.
Режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилингани тадбиркорлар фаолиятига назорат органларининг аралашувини кескин қисқартиради.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тадбиркорлик субъектларида қўзғатилган жиноят иши доирасида тафтиш ўтказишнинг процессуал тартиби аниқ белгилаб берилди. Илгари бундай тартиб белгиланмаган эди. Бунда тафтиш тайинлаш асослари, муддатлари, тафтиш ўтказувчи шахслар ва тафтиш ўтказилаётган субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш мақсадида Президент Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти ташкил этилди.
Ушбу институт келгусида тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир қатнашчилари эътиборига адлия органларининг тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш натижаларига оид айрим далил ва рақамлар ҳавола этилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида тадбиркорлардан келиб тушган 1577 та мурожаатдан 1211 таси кўриб чиқилиб, 512 таси қаноатлантирилган бўлса, 653 тасигаҳуқуқий тушунтириш берилгани қайд қилинди.
Таҳлиллар натижаси мазкур мурожаатларда асосан тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш, банк-кредит ва солиққа оид масалалар ўз аксини топганлигини кўрсатди.
Адлия органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат қилувчи органлар томонидан 53 та ҳолатда ноқонуний текшириш ўтказилганлиги, 652 та ҳолатда текширишлар ўтказиш тартибини бузиш ҳолатлари аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан киритилган таъсир чоралари натижасида жами 187 нафар шахс интизомий, 87 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди.
Судларга тадбиркорлар манфаатини кўзлаб 8,3 млрд. сўмлик 229 та даъво аризалари киритилди. Шундан, 95 та ҳолатда 20,4 млн. сўмлик моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича мансабдор шахсларга нисбатан даъволар ташкил этади.
Давлат ва хўжалик бошқарув органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларига даҳл қилувчи 83 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларида 600 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бош прокуратура билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, назорат қилувчи идоралар ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
“Ўзбекистон” телеканали билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Тадбиркорлар даври” кўрсатувида жорий йилнинг 1-чораги давомида 3 марта тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқот йўлга қўйилди.
Шунингдек, мазкур Фармон ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ижроси бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий чора-тадбирлар асосида тадбиркорлик субъектлари билан доимий тарзда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Ушбу мулоқотларда билдирилган мулоҳазалар ва амалиётдан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Анжуман давомида ОАВ вакиллари ва тадбиркорларни қизиқтирган саволларга масъул шахслар томонидан батафсил жавоблар берилди ва мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги