Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар давлат бюджети ижросини кўриб чиқмоқда
2017-05-26 | Жамият
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш борасида белгиланган вазифалар, хусусан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишда давлат бюджетининг алоҳида ўрни бор.
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилдаги ва 2017 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг мажлисида ушбу ҳисобот батафсил муҳокама қилинди.
Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати – давлат бюджетини қабул қилиш бўйича миллий парламентда ўзига хос механизм шаклланган. Шу маънода бу ЎзЛиДеП фракциясига иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш, хусусий мулкнинг ролини тубдан ошириш борасида олиб борилаётган чоралар устидан самарали назоратни таъминлаш бўйича алоҳида масъулият юклайди.
Мажлисда 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари изчил ва тизимли амалга оширилиши натижасида иқтисодиёт ўсишининг барқарор ва юқори суръатларига ҳамда макроиқтисодий мувозанатга эришилгани, ижобий суръатлар жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам сақлаб қолингани, буларнинг барчаси иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани таъкидланди.
Фракция аъзолари томонидан давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари бюджетлари ижросини партия электоратининг манфаатлари ҳамда сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан таҳлил қилишга эътибор қаратилди.
2016 йил якунларига кўра, маҳаллий хомашё ресурсларини босқичма-босқич чуқур қайта ишлаш ва тайёр истеъмол маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш тармоқлари эвазига саноат маҳсулотларининг юқори ўсиш суръатларига эришилди. Хусусан, тўқимачилик буюмлари, кийим ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 111,7 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари 110,8 фоиз, фармацевтика маҳсулот ва препаратлари 123,9 фоиз, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлари 129,7 фоизга оширилишига эришилди.
Депутатлар йил давомида мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилган пудрат ишлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ортишига, уларни саноат асосида чуқур қайта ишлашга, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасининг ривожланишига туртки бўлганини алоҳида қайд этиб ўтди. Фракция аъзоларининг фикрича, яқин истиқболда мамлакатимиз юқори сифатли, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш бўйича минтақадаги етакчи давлатга айланади.
Фракция аъзолари муҳокамалардаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб ҳамда давлат бюджетининг ижроси тасдиқланган параметрларга мувофиқ таъминланганлигини қайд этган ҳолда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилда ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида ижро этилиши юзасидан ўз нуқтаи назарларини белгилади ва ҳисоботни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Манба: ЎзА