Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нон ва макарон маҳсулотлари янада кўпаяди
2017-05-23 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, турларини кенгайтиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Э.Алимов ва бошқалар мамлакатимизда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қатори бошоқли ва дуккакли экинлар етиштириш ҳажми ортиб, уларни қайта ишлаш кенгайиб бораётгани, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланиш меъёрларини такомиллаштириш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
Компания тизимидаги қирқдан зиёд корхонада маҳсулотлар турларини кенгайтириш, цехларни модернизация қилиш мақсадида 2010-2017 йилларда Германия ва Россиядан келтирилган тўқсонга яқин замонавий нон цехи дастгоҳлари ўрнатилди. Натижада маҳсулот сифати яхшиланиб, олис қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига иссиқ нон маҳсулотларини етказиб бериш яхшиланди.
Нон ва нон маҳсулотлари сифатини яхшилаш, инсон учун фойдали қўшимча микроэлементлар билан бойитиш доимий эътиборда. Хусусан, аҳоли саломатлигини таъминлаш, болалар ва аёлларда темир моддаси танқислиги ҳамда анемиянинг олдини олиш мақсадида тизимдаги корхоналарнинг тегирмонларида ишлаб чиқарилаётган биринчи навли ун тўлиқ минерал-витамин аралашмалари билан бойитилмоқда.
Турли хасталикларга учраган беморлар учун майдаланган буғдой ва кепак аралашмаларидан турли кўриниш ва ҳажмдаги нонлар тайёрланмоқда. Ошқозон-ичак касалликларига чалинган беморлар учун тузи нисбатан паст, қотирилган нон ишлаб чиқарилаётган бўлса, буйрак, юрак-қон томир касалликлари билан хасталанганлар учун тузсиз маҳсулотлар – кулчалар ва қотирилган нон тайёрланмоқда.
– Экспорт ёки импорт билан шуғулланиш истагидаги корхоналарга енгиллик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дон хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, у жорий йилнинг 11 октябридан кучга киради, – дейди Дон маҳсулотлари илмий-ишлаб чиқариш маркази директори, техника фанлари доктори Дилором Ғафурова. – Регламент, дон экинларининг қайси мамлакатда етиштирилишидан қатъи назар, биринчи навбатда, инсон ҳаёти ва соғлиғини, атроф-муҳитни, ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилиш, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда давлат мулкини асраб-авайлашни назарда тутади.
2010-2017 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш мақсадида 233 инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Бу эса кўплаб тегирмон, омихта ем, уруғлик ва нон цехларини Россия, Украина, Германия, Швейцария, Сербия, Туркия ва Италиянинг замонавий технологик ускуналари асосида модернизация қилишда қўл келди. Қарийб 1 минг 800 янги иш ўрни яратилиб, электр энергия сарфи 15-20 фоизга камайди.
Матбуот анжуманида истиқболдаги режалар, амалга оширилиши кутилаётган янги лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берилди.
Манба: ЎзА