Бугунги кунда мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона марказларида 28 мингдан зиёд ходим ишлайди. Электрон кутубхоналарга талабнинг ошиши, шунингдек бу борада янги технологияларнинг татбиқ қилинаётганини ҳисобга олсак, уларнинг замонавий ахборот-кутубхоначилик бўйича билим ва кўникмаларини ошириб бориш-долзарб масала. Айни шу мақсадда яқинда Республика ахборот-кутубхона маркази қошида илк «INFOLIB Education» номли ўқув маркази ташкил қилинди.
Тошкент ахборот технологиялари университетида ахборот-кутубхона соҳаси учун кадрлар тайёрланиб, ҳар йили бу йўналишда таҳсил олиш учун бакалавриат йўналишига 70 нафар талаба қабул қилинади. Шунингдек, ТАТУда бу соҳада фаолият кўрсатаётган ходимларининг малакасини ошириш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Ўқув маркази кутубхоначи ва оддий аҳоли вакиллари учун 2 йўналишда ўқув курслари ташкил этади:
1. Ахборот-кутубхона мутахассислари учун замонавий кутубхоначилик асослари. Бу йўналишда муайян ахборот-кутубхона маркази ходимларини гуруҳ шаклида ўқитиш режа қилинган?
2. Аҳоли вакиллари учун АКТ бўйича билим ва кўникмаларни ошириш курслари.
2018 йилда ҳудудларда ҳам «INFOLIB Education» ўқув марказининг бўлинмаларини очиш режалаштирилган.
Ўқув маркази кутубхоначилик фаолияти соҳасини янада ривожлантириб, мутахассисларга бугун талаб қилинадиган керакли билим ва тажрибаларни бериш, аҳолининг АКТ саводхонлигини оширишга замин яратади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги