Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янгиер кичик саноат зонаси – янги имкониятлар майдони
2017-05-17 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳридаги “Янгиер” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ “Янгиер” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад шаҳар саноати салоҳиятини ривожлантириш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилишга инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароит яратишдир.
Ушбу саноат зонасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган қиймати салкам 106 миллион доллар бўлган 125 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунинг самарасида вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 3 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратилади.
Бугунги кунда саноат зонаси учун 537 гектардан кўпроқ ер майдони ажратилиб, уни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу кичик саноат зонасининг имкониятлари, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди.
Тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбатда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, рақобатдош маҳсулотлар турларини кўпайтириш, хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва экспортни ривожлантириш юзасидан тавсиялар берилди.
Президентимиз саноат зонаси ҳудудидаги собиқ “Янгиерйўлиндустрия” унитар корхонасининг бўш турган биносини кўздан кечирди. Ҳудуди 9 гектар бўлган мазкур корхона «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибига ўтказилиб, унинг негизида Янгиер темир-бетон ва металл конструкциялари ишлаб чиқариш заводи ташкил этилмоқда. Мазкур заводда йилига 83 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари, 5,5 минг тонна металл конструкциялари ишлаб чиқариш, 15 кўприк ва йўл ўтказгични қуриш ва таъмирлаш мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳа учун 80 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилади. Натижада 1 минг 250 янги иш ўрни яратилади.
Шавкат Мирзиёев ушбу корхона вилоятдаги муҳим саноат объектларидан бири экани, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга талаб юқори бўлишини қайд этди.
Манба: ЎзА