Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Комбинат фаолияти сарҳисоб этилди
2017-05-16 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ўринбосари Н.Жўлибеков ва бошқалар комбинат мустақиллик йилларида қудратли ишлаб чиқариш объектлари ва инфратузилмасига эга йирик корхонага айланганини таъкидлади. Бугун комбинатда 60 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2026 йилларда комбинатни ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилиб, келгуси ўн йилда амалга ошириладиган йирик лойиҳалар белгилаб берилди. Унга мувофиқ, 2026 йилгача 3 миллиард 63 миллион долларлик 27 лойиҳа амалга оширилади. Натижада комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ортиб, 30 мингдан ортиқ яқин янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз жорий йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳалар билан яқиндан танишди. Шу куни ушбу лойиҳаларнинг энг муҳимларидан бири – Қизилқум минтақасидаги Ауминзо-Амантой олтин конлари негизида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-гидрометаллургия заводи қурилишига тамал тоши қўйилди.
5-гидрометаллургия заводининг ишга туширилиши йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш ва қарийб 5 минг 300 янги иш ўрни яратиш имконини беради. Нурота туманидаги Пистали конининг ўзлаштирилиши ва унинг негизида 6-гидрометаллургия заводининг барпо этилиши билан яна 3 миллион тонна фойдали қазилмани қайта ишлаш йўлга қўйилади.
Лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, бунда халқаро тажрибадан фаол фойдаланиш мақсадида тармоқда нуфузли чет эл компаниялари ва етакчи илмий муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ауминзо-Амантой конларини ўзлаштириш ва 5-гидрометаллургия заводи қурилишида юқори энергия самарадорлигига эга технологиялардан фойдаланиш кўламини ошириш мақсадида Россиянинг «ИВС» компанияси жалб қилинди. Иркутск асл ва ноёб металлар ҳамда олмослар илмий-тадқиқот институти (Россия) билан ҳамкорликда Марказий кон бошқармасининг олтинни уюмда ишқорлаш цехида ҳосил бўлган техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш лойиҳаси бўйича оптимал технологияни танлашга қаратилган тажриба-синов ишлари ва технологик регламенти ниҳоясига етказилди. Ҳозир лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳанинг амалга татбиқ этилиши натижасида йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган улкан саноат мажмуаси яратилади.
Захираси бўйича дунёда етакчи ўринда турадиган Мурунтов олтин конини ўзлаштиришнинг 5-босқичи муҳим лойиҳалардан ҳисобланади. АҚШнинг «Интегро групп» компанияси томонидан карьернинг янги геологик-математик модели яратилди. Мазкур модель асосида аниқланган олтин захиралари 2130 йилгача руда қазиб олиш имконияти мавжудлигини кўрсатди.
Матбуот анжуманида журналистлар саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА