Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пластик карточкадан фойдаланишда янги имкониятлар
2017-05-16 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида пул муомаласини такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки жорий йилнинг 1 майига қадар 2 миллион 950 мингтадан зиёд пластик карточкани муомалага чиқарган. Жорий йилда банк 600 минг пластик карточка сотиб олишни режалаштирган бўлиб, ҳозир 160 мингта карточка харид қилинган. Жойларда ўрнатилган терминаллар 22 мингдан ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги "Республикада банк пластик карточкалари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори пластик карточкалардан фойдаланиш тизимини такомиллаштирмоқда.
Банкнинг хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга замонавий техника-технологиялардан фойдаланган ҳолда масофавий электрон хизматлар кўрсатиш кўламини ошириш борасидаги лойиҳалари олис ҳудудлардаги ишбилармонларга ҳам қулайлик ва имкониятлар яратмоқда.
Миллий банк жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Visa тўлов тизими билан ҳамкорликда халқаро карточкалар учун интернет-эквайринг хизматларини йўлга қўйди. Эндиликда ушбу хизматдан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектлари хорижга ўз маҳсулотларини интернет орқали сотиши ва сотилган товар учун маблағларни пластик карточкасида қабул қилиб олишлари мумкин. Бу эса, ўз навбатида, миллий маҳсулотларимизнинг чет эллардаги савдоси ошиши, тадбиркорлик субъектлари ҳисобрақамларига тушаётган валюта ҳажми кўпайишини таъминлайди.
Матбуот анжуманида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш борасидаги яна бир қатор янгиликлар ва истиқболдаги режалар хусусида маълумот берилди.
Манба: ЎзА