Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тарғибот-тушунтириш ишлари оддий одамлар истакларига мос бўлиши керак

2017-05-12 | Жамият

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва раҳбарлигида ишлаб чиқилган мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси Ватанимиз тарихида, халқимиз ҳаётида янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Бунда беш устувор йўналиш беш йилда амалга оширилади. 

Бу жиҳатлар 12 май куни Тошкент ирригация ва мелиорация институтида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ўрганиш бўйича ташкил этилган республика илмий-амалий семинарида ҳам ўз ифодасини топди. Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, олий таълим муассасаларининг ректорлари, профессор-ўқитувчилари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Қ.Қуронбоев, Бош вазирнинг маслаҳатчиси М.Қуронов, академик О.Салимов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Б.Сотволдиев ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси ўзбек давлат бошқарув мактабининг бой тажрибаси, ҳаётий қадриятлари ва, албатта, халқимизнинг хоҳиш-иродаси асосида ишлаб чиқилган ноёб тарихий ҳужжат бўлиб, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш ислоҳотларнинг ҳаётимизда тўлақонли амалга ошишида муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Мазкур илмий-амалий семинар бу йўналишда тарғиботчиларни тайёрлаш, ҳудудларда Ҳаракатлар стратегияси тарғиботини жонли мулоқотлар, самимий суҳбатлар тарзида содда, халқчил ва ҳаётий ташкил этиш мақсадида уюштирилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ, ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Орадан қисқа вақт ўтганига қарамай, бу тарихий ҳужжатнинг амалий самаралари ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда мутлақо янги тизим – Халқ қабулхоналари институтига асос солинди, маҳалла тузилмаси, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, суд-ҳуқуқ, ички ишлар, ташқи савдо тизимлари, архитектура ва қурилиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қонун ҳужжатларини тарқатиш, йўл хўжалиги, маданият ва спорт соҳалари тубдан такомиллаштирилиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги оширилмоқда. 

Буларнинг самарасида халқимизнинг давлат идораларига ишончи ортмоқда. Давлатимизнинг иқтисодий юксалиши оддий одамларнинг орзу-умидлари билан уйғунлашмоқда. Аҳолида ислоҳотларда фаол иштирок этиш кучайиб, соҳаларни ривожлантиришда инсон омили асосий ўринга чиқмоқда. Бошқача айтганда, давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда. 

Хўш, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар, мақсад-вазифалар тўлақонли бажарилса, оддий одамлар ҳаётида қандай натижаларга олиб келади? Бу ислоҳотлар самаралари нималарда намоён бўлади? 

– Бунда, аввало, кучли фуқаролик жамияти барпо қилинади, халқимиз турмуш даражаcи кескин ошади, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Мансур Бекмуродов. – Тадбиркорлик фаолияти реал ҳаёт тарзига, ялпи ижтимоий ҳаракатга айланади. Бандлик даражасига ҳамоҳанг солиқ тўловчилар ҳам кескин кўпаяди. Давлатнинг экспорт салоҳияти ошиб, янги объектлар қурилиши кўлами ҳам кенгаяди. Уй-жой муаммоси бартараф этилади. Ҳар бир соҳа ҳамжиҳат ва уйғун ҳолда, энг муҳими, тўлақонли маърифат асосида ишлай бошлайди, «банк маънавияти», «фермерлик маърифати», «тадбиркорлик маданияти» таомилга киради. 

Ҳар қандай жамиятда эзгу ва буюк мақсадлар бўлган, бироқ Ҳаракатлар стратегияси тараққиётга эришишнинг ўзбек мактаби сифатида инсоният тарихида ўчмас из қолдириши, асрлар оша намуна вазифасини ўташи учун бу ислоҳотлар тўла амалга оширилиши керак. Бунинг учун, аввало, оддий одамлар мазкур тарихий ҳужжатнинг моҳияти, мақсад-муддаоси унинг ўзи, оиласи, авлодлари ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ эканини англаб етиши керак. 

– Бунда бир ҳақиқат аниқ: тарғибот-тушунтириш тадбирлари одамлар истак-хоҳишлари, қизиқишлари ва ички эҳтиёжларига мос ташкил қилиниши, бунда оддий аҳоли фаол қатнашишига эришиш лозим, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Маликова. – Ислоҳотларни ҳар бир инсон манфаатидан келиб чиқиб тарғиб этиш керак. Ҳаракатлар стратегияси ва Президентимизнинг шу йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимиз Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Олий судга бирлаштирилди. Оддий аҳоли бу билан суд тизимида бир-бирини такрорловчи функциялар бартараф этилиши, ягона суд амалиёти шакллантирилишини теран англаса, ислоҳотларнинг ҳаётий самарадорлиги ошади. Тарғибот тадбирларида бу ислоҳотларни одамлар бевосита мулоқотлар тарзида, уларнинг эсида қоладиган мисоллар билан тарғиб қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. 

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ёшлар – жамиятимизда ҳал қилувчи куч, эртамиз эгалари. Бироқ бугун ёшлар янги-янги, буюк имкониятлар билан бирга, турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дуч келаётир. Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу масалага яна бир бор эътибор қаратиб, «Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришимиз керак. Бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур», деб таъкидлагани бежиз эмас. 

– Ҳаракатлар стратегияси барча, жумладан, ёшлар учун ҳам тушунарли тилда ёзилган, бу дастуриламал ҳужжатни ишлаб чиқишда, унинг лойиҳаси муҳокамаларида ёшлар ҳам фаол қатнашди, уларнинг қатор таклиф-мулоҳазалари бунда ўз ифодасини топди. Шу билан бирга, айрим ёшларимиз Ҳаракатлар стратегияси борасида фақат умумий тасаввур ва тушунчаларга эга экани ҳам ҳақиқат, – дейди «Камолот» ЁИҲ марказий кенгаши раиси Одилжон Тожиев. – Энг фаол, билимли, салоҳиятли, истеъдодли ва тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлаётган ёшларимиздан тарғиботчилар гуруҳини шакллантирдик. Улар мамлакатимиз бўйлаб «Тенгдош – тенгдошга» тамойили асосида тарғибот ишларини олиб боради. Бунда асосан қизиқарли учрашувлар, жонли мулоқотлар ташкил қилинади, замонавий усуллардан, интернет имкониятларидан унумли фойдаланамиз. «Тараққиёт стратегияси» марказида қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Ҳаракатлар стратегияси эмблемаси туширилган турли либослар, буюмлар, ўқув қуроллари ва бошқа тарғибот воситалари тайёрланиб, ёшларга тарқатилади. 

– Парламент аъзолари бугун ҳудудларда бўлиб, оддий одамлар қалбига қулоқ солиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, мурожаатларга амалий ечим топишда яқиндан ёрдам бериб келмоқда, бу учрашувларда муаммоларни ҳал қилиш билан бирга, мамлакатимиз қонунчилигидаги ўзгаришлар, Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини ҳам кенг тарғиб этмоқдамиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматова. – Бугунги илмий-амалий семинарда бу борадаги ишларимиз сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим маълумотларга эга бўлдик. 

– Бугунги семинар-тренингда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналишида нозик жиҳатлар борлигини англадик, бу тарихий ҳужжат – эртанги ҳаётимиз дастури, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази бўлим мудири, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Маткаримова. – Шунинг учун Ҳаракатлар стратегияси моҳияти, аҳамияти ва мақсадини одамлар тўла англаб олишлари учун ҳар бир соҳа вакили ўз йўналишидан келиб чиқиб ишлаши лозим. 

Республика илмий-амалий семинарида Ҳаракатлар стратегиясини аҳоли ўртасида тарғиб этишдаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб олинди. Бундай семинар-тренинглар мамлакатимизнинг барча ҳудудида, жумладан, туман ва шаҳарларда ҳам ўтказилади. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди. 

Умид Ёқубов, ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться