Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юридик хизмат ходимлари ижтимоий ҳимояси кучайди
2017-05-12 | Жамият
Мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бош тамойил ҳисобланади. Юридик хизматлар сифатини оширишга қаратилаётган эътибор ана шу мақсадга хизмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Юридик хизмат ходимлари ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалалари” мавзуида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов ва бошқалар мамлакатимизда юридик хизматларнинг тубдан такомиллашаётгани соҳа ходимларининг самарали фаолият юритишига хизмат қилаётганини таъкидлади.
Қарорга мувофиқ республика, ҳудудий (вилоят) ва туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мартаба даражаларига эга бўлган ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ миқдорлари кўрсатилди. Бу лавозим маошига нисбатан фоизларда ҳисобланади. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг лавозим маошларига мартаба даражалари учун қўшиладиган ҳар ойлик устамалар миқдорлари белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларни ташкил этиш шакллари ҳамда уларни ташкил этишнинг минимал нормативлари ва мезонлари кўрсатилди.
Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
– Давлатимиз раҳбарининг юридик хизматни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратаётгани соҳа ривожига кенг йўл очмоқда, – дейди "Ўзнефтгазқазибчиқариш" акциядорлик компанияси бош юрисконсультанти Ботир Юнусов. – Юридик хизмат ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайгани, жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш билан боғлиқ масалалар ишимиз сифати ошиши, қонунийлик янада мустаҳкамланишига замин яратади.
Қарорда Адлия вазирлигига юридик хизматлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича мониторинг олиб бориш ва аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган чораларни кўриш вазифаси юклатилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида адлия органлари томонидан шу йўналишда олиб борилган ишлар асносида 1,4 мингдан ортиқ қонунбузилиши ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича кўрилган таъсир чоралари натижасида 41 масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилган. 32 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 36 ноқонуний буйруқ ва қарор бекор қилинган.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари масъул ходимлари ва юридик хизматлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижросини изчил таъминлаш билан боғлиқ тавсиялар берилди.
Манба: ЎзА