Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Телекоммуникация соҳасида лицензиялаш жараёни соддалашади
2017-05-11 | Технологиялар
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Телекоммуникация соҳасида лицензиялаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
Қарор лойиҳасида тадбиркорларга телекоммуникация соҳасида лицензия олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш назарда тутилган. Ҳужжатда тадбиркорлик субъектлари ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини акс эттириш учун қарорни тайёрлаш жараёнида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, хулоса ва ҳужжатларни тўплаш билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар муҳокама қилинди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ҳужжат лойиҳасида телекоммуникация соҳасида лицензия олиш жараёнида талаб этиладиган қуйидаги бир қатор хулосавий ҳужжатлар топширилишини бекор қилиш режа қилинмоқда:
1) Ёнғин хавфсизлиги органлари томонидан ёнғин хавфсизлиги меъёрларига мувофиқлигини тасдиқловчи хулоса;
2) Давлат санитария назорати органларидан санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқлигини тасдиқловчи хулоса;
3) Олий таълим тўғрисидаги диплом ҳамда мутахассисларнинг лойиҳалаш ва телекоммуникация тармоқлари қурилиши бўйича ишлаганлигини тасдиқловчи меҳнат дафтарчасидан нусха.
Шунингдек, мамлакат раҳбарияти томонидан лицензияни расмийлаштириш ва рухсат бериш жараёнларини босқичма-босқич равишда «ягона ойна» марказларига ўтказиш бўйича юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида, 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб шахсий тармоқ (интернет-клуб) қурмасдан туриб, маълумотларни узатиш тармоқлари провайдерининг хизматларини кўрсатиш учун лицензияни расмийлаштириш «ягона ойна» ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
Қолаверса, тадбиркорлар учун яратилган қўшимча қулайликлар қаторига 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб шахсий тармоқ (интернет-клуб) қурмасдан туриб, маълумотларни узатиш тармоқлари провайдерининг хизматларини кўрсатиш учун лицензияни расмийлаштириш электрон шаклда амалга оширилишини айтиш мумкин.
Қарорнинг қабул қилиниши:
- лицензияни расмийлаштиришда ортиқча тўсиқларни олдини олиш, уларни электрон шаклда расмийлаштириш;
- лицензиялаш жараёнини соддалаштириш;
- лицензия фаолияти туридан келиб чиқиб, лицензия олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар сонини максимал қисқартиришга олиб келади.
"Телекоммуникация соҳасида лицензиялаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси билан Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида танишиш, уни такомиллаштиришда иштирок этиш ҳамда муҳокама қилиш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги