Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Баркамол авлод”нинг ижодкор болалари

2017-05-11 | Жамият

Чилонзор тумани “Баркамол авлод” болалар маркази болажонларнинг севимли маскани. Фарзандлари иқболи ва келажагини ўйлаган ота-оналар учун бу даргоҳ жуда қадрли. Ундаги суратлар, турли мунчоқли безаклар, тўқилган буюмлар, миллий ўйинчоқлар, либослар дизайни, заргарлик, дурадгорлик намуналари беихтиёр эътиборингизни тортади. 

Марказда фаолият кўрсатаётган ўттиз олти йўналишдаги тўгаракларнинг аъзолари олти ёшдан ўн олти ёшгача бўлган болалардир. 

Олти ёшли Шукрона «Моҳир қўллар» тўгарагининг энг кичик қатнашчиси. “Расм чизишга қизиқишимни сезиб, ота-онам шу тўгаракка берди”, дейди қизалоқ қувонганидан суратларини кўрсатиб. Ўн ёшли Суннатилланинг ҳам тўгаракка келиб қолиши ўзи учун тасодиф. Аммо ота-онасининг истаги шу эди. Ақлли, яхши хулқли бола тарбиялашни қайси ота-она истамайди, дейсиз?! Улар адашмаган экан. Суннатилланинг расм солишга қўли келиб, танловларда совриндор ҳам бўлди. 

– Шукрона чизаётган суратлар, қоғоздан, пластилиндан ясаётган турли шакллар, дарахтлар ва ўйинчоқлар унинг иқтидоридан дарак беради, – дейди тасвирий санъат тўгараги ўқитувчиси Елена Эрлих. – У жуда ҳаракатчан. Бошлаган иши маромига етмаса, яна қайта чизишга, аслига ўхшатишга ҳаракат қилаверади. Суннатилладаги босиқлик ва тиришқоқлик чизмаларида, у яратаётган турли намуналарда намоён бўлмоқда. Олти гуруҳдаги 60 нафар тўгарак аъзосининг ҳар бири ўз имконияти ва иқтидорини синаб кўраётгани, энг муҳими, улардаги интилувчанлик устозларга куч-ғайрат беради. 

Чилонзор тумани “Баркамол авлод” болалар марказида ҳар бир кун шундай бошланади. Бу ерда ўқитувчилар ва она-оналарни ягона мақсад бирлаштиради: бу ўсиб келаётган ёш авлоднинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш, қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва дам олишини ташкил этишдир. Зеро, Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида таъкидлаганидек, “Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор, буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак”. Бундай улуғ мақсад ва ишонч мамлакатимиздаги таълим муассасалари қаторида “Баркамол авлод” болалар марказларига ҳам катта масъулият юклайди. 

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 февралдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур марказлар фаолиятини такомиллаштириш, ўқувчиларни қизиқиши бўйича илмга, ҳунарга йўналтириш ва уларнинг билимини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди марказ директори Умида Турғунова. – Марказимизда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш ҳамда бу борада ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ердаги 63 гуруҳга олти юздан ортиқ ўқувчи қабул қилинган бўлиб, улардан 20 нафари 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси ва 10 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандидир. Ушбу марказ таянч муассаса сифатида тумандаги умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган тўгаракларга амалий ёрдам кўрсатиб келади. Машғулотлар ҳафтасига икки маротаба дарсдан ташқари бўш вақтларда ташкил этилади. Марказни тамомлаган ўқувчилар ўз йўналиши бўйича гувоҳномаларга эга бўлади. 

Марказдаги рақс ансамбллари, турли тўгараклар доим болалар билан гавжум. Биз улардаги машғулотлар жараёни билан танишишга қизиқдик. “Ёғоч ўймакорлиги” тўгараги машғулотларини ўқитувчи Сардор Шермуҳамедов ўтказар экан. Унинг айтишича, тўгарак аъзоларининг ҳунар ўрганишга чанқоқлиги яхши натижа бераётир. Улар орасида 270-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Афзалхўжа Абдусатторов ҳам бор. У ўтган йили “Ёш ҳунарманд” кўрик танловининг шаҳар босқичида 2-ўринни эгаллаган. 

– Уч йилдан буён шу даргоҳга қатнайман ва бирорта машғулотни қолдиргим келмайди, – дейди у. – Чунки ҳар бир дарсда устозимдан ёғоч ўймакорлигининг янги-янги жиҳатларини ўрганаман. Ҳозир ёғочга ишлов бериш, шакллар солиш, нақшли гуллар ясаб, совға қутичалари ва бошқа шаклли ишларни қила оламан. 

Тўгаракларнинг яна бири – “Карвинг санъати”. Бунда болажонлар мева ва сабзавотлардан турли шакллар яратишни ўрганади. Тўгарак аъзоси Жасмина Халилова турпдан атиргул ясади. Фарҳод Миниёзов машғулот ўтаётган гимнастика тўгараги болаларнинг соғлом ўсиши ва тўғри ривожланишига кўмаклашаётган бўлса, Зуҳра Рўзиева раҳбарлигидаги “Тумор” рақс тўгарагида қизлар миллий рақсларимиздан бирини ўрганаётган экан. 

“Оловиддин” вокал гуруҳи, “Миллий рақс”, “Элекс” спорт бал рақслари, “Замонавий рақс”, “Шодиёна” ва “Намунавий рақс” тўгараклари аъзолари эришган ютуқлар янада салмоқли. Улар туман ва шаҳарда анъанавий ўтказиладиган барча оммавий тадбирларда фаол иштирок этиб келаётир. Кўплаб кўрик-танловларнинг иштирокчиси. Айниқса, “Оловиддин” вокал гуруҳи ва “Элекс” спорт бал рақслари тўгараги аъзоларининг пойтахтимиз ва хорижда ўтказилган халқаро турнирлардаги иштироки ва улар қўлга киритган муваффақиятлар мамлакатимизда навқирон авлод келажагига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг самараларидир.

 

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Поделиться