Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонунчилик палатаси Спикери БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари билан учрашди
2017-05-10 | Сиёсат
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 10 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов юқори мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти жорий этилган.
2014 йил бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра Қонунчилик палатасида турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодаловчи тўртта сиёсий партиянинг фракциялари шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолият олиб бормоқда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзюекистон либерал демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари бирлашиб, “Демократик кучлар блоки”ни ташкил қилган. Ўз навбатида икки сиёсий партия фракциялари Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари ушбу блокка нисбатан ўзларини муҳолиф деб эълон қилганлар.
Айни пайтда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилмоқда. Унга кўра биргина жорий йилнинг ўзида парламент томонидан 50 та, жумладан инсон ҳуқуқларига оид қонунни, ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн таъкидлаганидек, парламент инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатларни амалга оширишда муҳим ўринга эга. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этишда мамлакатимизни қўллаб-қувватлаши ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Мулоқот давомида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаолигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш мақсадида қонунчилигимизни такомиллаштиришнинг истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси