Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентининг табрик мактуби
2017-05-10 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мун Чже Инни Корея Республикаси Президенти лавозимига сайлангани билан табриклади.
«25 йиллик дипломатик муносабатлар давомида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида чинакам дўстона алоқалар, мустаҳкам стратегик ҳамкорлик муносабатлари, икки томон кун тартибининг барча масалалари юзасидан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида конструктив мулоқот ўрнатилди», - деб эътироф этилган мактубда
Қайд этилганидек, томонлар етакчи Жанубий Корея компаниялари иштирокидаги автомобилсозлик, машинасозлик, электроэнергетика, нефтегаз, электротехника, тўқимачилик саноатларида, информацион технологиялар, телекоммуникациялар ва бошқа соҳаларда инвестицион ҳамкорликнинг улкан ижобий натижаларини қўлга киритишди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида узвийлик ва босқичма-босқичликни сақлаб қолган ҳолда келажакда ҳам Корея Республикаси билан дўстлик ва конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидан боради».
Ўзбекистон Президенти Мун Чже Инни ўзи учун қулай бўлган вақтда мамлакатимизда ташриф билан бўлишга таклиф қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги