Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган қабул маросимидаги нутқи
2017-05-10 | Сиёсат
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Муҳтарам фахрийлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Аввало, барчангизни 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни билан, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 72 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сиз, азизларга ва сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Барчамизга маълумки, Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан 9 май санасини юртимизда Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаш яхши анъанага айланиб қолди.
Мана шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз.
Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Ҳеч шубҳасиз, бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди.
Иккинчи жаҳон урушида юзлаб юртдошларимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, минглаб оталаримиз, боболаримиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотландилар.
Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.
Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб 1 миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди.
Ўзбекистонга кўчириб келтирилган заводларда кексалар, аёллар, ўсмир болалар туну кун машаққатли меҳнат қилгани – ҳақиқий фидойилик, қаҳрамонлик намунаси, десак, асло хато бўлмайди.
Бундай мисоллар буюк Ғалаба биз учун нақадар қимматга тушгани, халқимиз дунёни фашизм балосидан халос этишга қандай катта ҳисса қўшганини яққол кўрсатади.
Тарихнинг ана шундай бешафқат ва суронли синовларидан ёруғ юз билан, ҳар томонлама муносиб ўтган халқимизга ҳар қанча таъзим қилсак, ҳар қанча тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.
Сиз, муҳтарам фахрийларимизнинг урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида қандай буюк хизмат қилганингизни халқимиз асло унутмайди. Сизларнинг мардлик ва матонатингиз, меҳнат жасоратингиз бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади.
Азиз дўстлар!
Шу кунларда одамларимиз юртимизда, барча вилоят ва туманларда барпо этилган Хотира майдонларига келиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўймоқда. Урушда ҳалок бўлган ўз яқинлари, ота-боболари хотирасини ёд этмоқда. Бугунги ёруғ кунларга етиб келган табаррук кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олмоқда.
Буюк Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда, барча шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб тадбирлар, уруш қатнашчилари билан учрашувлар, хотира маросимлари ўтказилмоқда.
Айни пайтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, барчамизни тарбиялаб, вояга етказган, ҳаёт йўлларида бизга таянч ва суянч бўлган сиздек табаррук инсонлар олдида биз доимо қарздормиз. Шунинг учун ҳам ҳурматли нуронийларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан, пенсияларини ошириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотини яхшилаш, ёлғиз қария ва ногиронларга давлат кўмагини кучайтириш бундан кейин ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Бу масала қаерда, қайси лавозимда ишламасин, юртимиздаги ҳар бир инсон, айниқса, раҳбарлар фаолиятида ҳамиша биринчи ўринда туриши, уларнинг нафақат вазифаси, балки инсоний бурчига айланиши керак.
Азиз дўстлар, мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз бошимиздаги тожи давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик. Бу ғанимат, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган ҳаётда уларни қанча қадрлаб, имкон қадар умрларини узайтиришга қанча ҳаракат қилсак, икки дунёда асло кам бўлмаймиз.
Агарки мендан, дунёдаги қайси оила энг бахтли, деб сўрашса, мен ҳеч иккиланмасдан, кексалари бош бўлиб, иззат-ҳурматда ҳаёт кечираётган оила, деб жавоб берган бўлардим.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Мана шу қутлуғ байрам кунларида бутун халқимиз бундай даҳшатли уруш энди ҳеч қачон қайтмасин, деб чин дилдан ният қилмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаёт учун шукрона билдирмоқда.
Дунёда турли қарама-қаршиликлар кескинлашиб, терроризм, экстремизм хавфи кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Биз “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак”, деган даъватнинг моҳиятини чуқур англаган ҳолда, тинчлик учун ҳар биримиз масъул эканимизни унутмасдан, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз керак.
Бизнинг қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимиз, режа ва дастурларимиз – бу мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўладими, давлат ҳокимияти ва бошқарув тизими, ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия соҳалари фаолиятини такомиллаштириш бўладими, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш бўладими – буларнинг барчаси ана шундай эзгу мақсадларга қаратилганини, ўйлайманки, сизлар яхши тушунасиз.
Бугунги қутлуғ айёмда ота-боболаримизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, Ватан ҳимояси йўлида ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилаётган мард ва жасур аскарларимизга, офицер ва генералларимизга халқимиз номидан, ўз номимдан самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги даврамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, барча чет эллик меҳмонларимизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдириб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик-омонлик ҳамда равнақ тилайман.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Барчангизни 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни билан яна бир бор қутлаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
Эътиборингиз учун ташаккур.
Манба: ЎзА