Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Боксчиларимизнинг ишончли ғалабаси
2017-05-04 | Жамият
Тошкентда бокс бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатининг чорак финалида терма жамоамиз аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.
56 килограмм вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев бутанлик Нима Доржи билан куч синашди ва муддатидан олдин – иккинчи раундда рақиби устидан ғалаба қозонди.
Вазни 49 килограмм бўлган боксчилар ўртасидаги баҳсларда Ҳасанбой Дўсматов қозоғистонлик Жомарт Ержан устидан зафар қучди. 60 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган Элнур Абдураимов эса индонезиялик Фарранд Папенданга ҳеч қандай имконият қолдирмади.
64 килограмм оғирликдаги боксчилар ўртасида ярим финал йўлланмаси учун жангда Иқболжон Холдоров Хитой Тайпейи вакили Ҳун-Мин Панни иккинчи раундда нокаутга учратди. Шунингдек, Исроил Мадримов ўз вазнида филиппинлик Эумир Марциал устидан йирик ҳисобда зафар қучди.
Чорак финал баҳслари давом этмоқда.