Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом Каримовнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари сайловчилари билан учрашувлари
2015-03-06 | Сиёсат
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 5 март куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссияси раиси А.Сатторов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган энг асосий йўналишлар белгилаб берилган. Жумладан, саноатни технологик янгилаш ва таркибий ўзгартириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожи учун янада қулай шароитлар яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, фермер хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш, маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, аҳоли ҳаёт даражасини изчил ошириш, барча давлатлар билан ҳамкорликни ва мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.
Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти Жиззах вилояти мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Шаҳар ва туманларда янги корхоналар, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. "Жиззах" махсус индустриал зонаси, Жиззах цемент заводи, "Жиззах пластекс" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси каби саноат комплексларида ички ва ташқи бозорларда харидоргир, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
2014 йилда вилоят корхоналари томонидан 45,6 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Вилоят иқтисодиётини таркибий ўзгартириш мақсадида саноат соҳасида 237, қишлоқ хўжалигида 197, хизмат кўрсатишда 700 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.
Жиззах шаҳрида бош режа асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, қишлоқларда барпо этилаётган замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар вилоят қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда.
Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсанти А.Акбаров, "Жиззах овози" газетаси бош муҳаррири А.Иномов ва бошқалар мустақиллик йилларида Жиззах вилояти саноатлашган ҳудудга айлангани, амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириб, дунёқарашини ўзгартираётганини фахр билан таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга мос равишда ўтаётганини қайд этди.
* * *
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов Сирдарё вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Ш.Маматқулов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизни ҳар томонлама обод қилиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишдек олий мақсад йўлида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотларни янги босқичга кўтаришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, дунёдаги тараққий топган давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш, иқтисодиётимизни замонавий тармоқлар ҳисобидан тез ва барқарор суръатлар билан ривожлантириш, мамлакатимиз ҳаётида ҳал қилувчи омил бўлган хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини изчил қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, чет давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш дастурнинг устувор йўналишлари қаторидан ўрин олган.
Сирдарё вилоятида сўнгги йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,8 баробар, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,5 баробар ўсди. "Пенг Шенг", "Река мед фарм" қўшма корхоналари, "Бахттексфарм" масъулияти чекланган жамияти каби корхоналарда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда.
Вилоятда кейинги йилларда 4 мингдан ортиқ хизмат кўрсатиш ва сервис объекти ишга туширилди. Замонавий хизмат турларини ўз ичига олган компьютерли дастурлаш, алоқа ва ахборотлаштириш, молия, сайёҳлик каби хизмат соҳаларининг тез суръатларда ўсиб бораётгани алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ирригация-мелиорация соҳасидаги истиқболли лойиҳалар қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни янада ошириш имконини бермоқда. Тиббий, ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайиб, қишлоқ жойларда барча қулайликларга эга замонавий уй-жой массивлари барпо этилаётгани аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтирмоқда.
Таэквондо бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Д.Холжигитова, Сирдарё туманидаги "Шодлик" фермер хўжалиги раҳбари Б.Мирзақулов ва бошқалар мамлакатимизда ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш борасида бетимсол ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Президент сайловига тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар юқори савияда, демократик принципларга тўла мувофиқ ҳолда олиб борилаётганини таъкидлади. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА