Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёш шахматчиларимиз ғалабалари
2017-05-02 | Спорт
Руминияда ўтказилган шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида мамлакатимиз ёш шахматчилари муносиб иштирок этди.
Қирқдан зиёд давлат вакиллари қатнашган нуфузли мусобақанинг стандарт шахмат бўйича баҳсларида терма жамоамиз аъзолари учта олтин медални қўлга киритди, блиц мусобақада эса биттадан олтин ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Стандарт шахмат бўйича етти ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Ҳумоюн Бегмуродов тўққиз партиянинг биронтасида мағлубиятга учрамай, 8,5 очко жамғарган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Ҳумоюн руминиялик Теодор Додой, Стефан Ника, туркиялик Отабей Ойхон, грузиялик Бека Цверава, озарбайжонлик Зиё Маммадов, қирғизистонлик Султай Чингиз, россиялик Лев Зверев ва украиналик Михайл Каратеев устидан ғалаба қозониб, мўғулистонлик Ганганбарс Зев билан дуранг ўйнади.
Ўн беш ёшгача спортчилар баҳсида шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоевга тенг келадигани топилмади. У шри-ланкалик Денуван Тикшана, туркманистонлик Озод Нурмамедов, Султон Мирадов, молдовалик Илие Мартиновичи, руминиялик Жорж Столериу, Давид Гаврилеску, украиналик Дмитро Гаюнни мағлубиятга учратиб, озарбайжонлик Мурод Иброҳимли билан дуранг ўйнади. 7,5 очко жамғарган Нодирбек жаҳон чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди.
Тўққиз ёшгача қизлар мусобақаси эса иқтидорли шахматчимиз Афрўза Ҳамдамова ғалабаси билан якунланди. Афрўза тўққиз партиянинг еттитасида ғалаба қозониб, биттасида дуранг натижа қайд этди ва 7,5 очко билан мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Шунингдек, А.Ҳамдамова блиц турнирда ҳам биринчи ўринни эгаллади.
Тўққиз ёшгача спортчилар ўртасидаги блиц турнирда қатнашган Алихон Авазхонов кумуш медаль билан тақдирланди.
Умумжамоа ҳисобида терма жамоамиз аъзолари иккинчи ўринни эгаллади.
Манба: ЎзА