Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Статистика тизими такомиллашмоқда
2017-05-02 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида Давлат статистика қўмитаси томонидан замонавий усулларни жорий этиш, ҳудудларнинг статистик кўрсаткичларини ҳисобга олиш, таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига маълумотларнинг сифати ва очиқлигини ошириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда 2017-2020 йилларда давлат статистика органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Тизимда ахборот-коммуникация технологиялари кўмагида маълумотлар тайёрлаш, уларнинг сифати ва очиқлигини ошириш, статистик ҳисоботларни қисқартириш, соҳалар статистик кўрсаткичларини такомиллаштириш жараёнларида эски услублардан воз кечиш яқин келажакдаги асосий вазифалардан биридир.
Статистика маълумотларини тўплаш ва қайта ишлашни оптималлаштиришда ахборот технологияларидан янада самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда электрон шаклдаги статистика ҳисоботларини тўплаш тизимини модернизация қилиш ва янада такомиллаштириш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
– Асосий эътибор турли хил маълумот ва аналитик материалларни олишда фойдаланувчилар учун қулай имкониятларни таъминлаш, статистик маълумотларни тақдим этиш ва изоҳлаш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилмоқда, – дейди Давлат статистика қўмитаси бўлим бошлиғи Муҳсина Ҳусанова. – Марказий аппарат ва ҳудудий статистика органларида ахборот-таҳлилий бўлинмаларни мустаҳкамлаш орқали таҳлилий йўналиш кучайтирилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига қўмита сайтида (www.stat.uz) фойдаланувчилар учун кенг доирадаги интерфаол хизматлар мавжудлиги маълум қилинди. Журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА