Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ХИЗМАТ: халқаро ҳамкорлик ва юқори самара
2017-04-25 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 март куни имзоланган “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шошилинч тиббий ёрдам хизмати ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Мазкур хизмат ўз олдига аҳолига малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва жаҳон тиббиёти янгиликларини амалиётга жорий этиш каби вазифаларни ҳам мақсад қилиб қўйган.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 25 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази томонидан биринчи Германия; Ўрта Осиё тиббий Конгресси бўлиб ўтди. “Шошилинч жарроҳлик, радиология ва онкология долзарб муаммолари” мавзусида ўтказилган Конгрессда мамлакатимиз мутахассислари билан бир қаторда Германия, Озарбайжон, Туркия давлатларидаги нуфузли клиникалардан мутахассислар ҳам иштирок этди.
Хусусан ошқозон ва ичак касалликларида магнит-резонанслик томографиясининг диагностик аҳамияти, шошилинч жарроҳликда кам инвазив технологияларнинг муҳимлиги каби мавзулардаги чиқишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида кўргазмали амалиётлар ҳам ташкил этилгани, конгресснинг амалий жиҳатларини янада оширди. Хусусан, телемедицина имкониятларидан фойдаланилган ҳолда Наманган вилоятида беморларга он-лайн маслаҳатлар берилиб, шифокорлар учун мастер-класслар ташкил этилди. Бу эса малакали тиббий ёрдамга муҳтож бўлган чекка туманлардаги аҳолига шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида ва сифатли кўрсатиш имкониятини оширади.
Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг барча филиалларини энг юксак мезонларга жавоб берадиган тиббий аппаратлар, хусусан, юрак ва қон томирларнинг ультратовуш доплерографияси, илғор ангиографик тузилмаси, мультиспирал компьютер томография ва магнит-резонанс томограф аппаратлари билан тўлиқ таъминлаш учун имконият яратилган.
Мазкур хизмат тезкорлигини таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиниши режалаштирилган бўлиб, шу кунларда зарур воситалар билан жиҳозланган автомобилар харид қилина бошланди.
Яна бир эътиборли жиҳати, бирламчи тиббиёт тизимида 400 дан ортиқ янги тез тиббий ёрдам подстанцияларини ташкил этиш зарур воситалар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомобилари билан таъминлаш орқали шошилинч ҳолатларда аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Конгресс иштирокчиларининг маъруза ва амалий кўргазмали чиқишлари мамлакатимиз олимларининг илмий изланишлари савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради. Бу эса тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳар бир мурожаатига амалий ёрдам билан жавоб қайтариш, энг муҳими, халқимизни ушбу тизим фаолиятидан рози бўлишига эришишга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги