Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркор ва фермер хотин-қизлар инновацион ишланмаларини намойиш этди
2017-04-25 | Иқтисодиёт
Зангиота туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори” лойиҳаси доирасида “Инновацион технологияларни ривожлантиришда таълим, фан ва бизнес тизимлари ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар” мавзуида амалий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия “Аёллар қаноти” фаоллари, тадбиркорлар, фермерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани, бунинг учун яратилаётган шароитлар уларнинг ишбилармонлик салоҳиятини юзага чиқаришда алоҳида аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда вилоятда 1 минг 670 дан ортиқ тадбиркор, 620 га яқин фермер хотин-қиз самарали фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг сафида янги ишланмалар, кашфиётлар устида изланаётган илмий даражага эга олима аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Семинардан кўзланган мақсад ана шундай ташаббускор, янгиликка интилувчан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар яратаётган инновацион ишланмаларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат.
Дастлаб, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқарилган, турли экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
– Бугун ҳамкасбларимизга янги – сабзининг “Авако”, олхўрининг “Супер йор” навлари кўчатларини парваришлаш агротехникаси ҳақида маълумот бердик, – дейди Янгийўл туманидаги “Неъматжон олмалари” фермер хўжалиги раҳбари Раънохон Бобоева. – Ўзимиз ишлаб чиқарган истеъмол маҳсулоти – “Гуруч ёрмаси”га қизиқиш билдирганлар кўп бўлди. Гўдаклар ҳам, катталар ҳам истеъмол қилса бўладиган бу маҳсулотнинг афзаллиги шундаки, у хориждан келтириладиган турдош маҳсулотлардан экологик тозалиги билан алоҳида ажралиб туради. Бундан ташқари, юртимизга импорт қилинган гуруч ёрмаларидан 7-8 баробар арзон.
Семинарда инновацион ишланмалар ҳам намойиш этилди. Лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Кўплаб ишланмаларга тадбиркорлар, фермерлар қизиқиш билдириб, уларни ишлаб чиқаришда қўллаш истаги борлигини айтишди.
Манба: ЎзА