Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида

2017-04-24 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш, замонавий тежамкор ва энергияни иқтисод қиладиган технологияларни жорий этиш асосида иссиқлик таъминоти тизимининг асосий фондларини янгилаш ва модернизациялаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида: 

1. Қуйидагилар республикада иссиқлик таъминоти тизимини янада ривожлантиришнинг устувор вазифалари этиб белгилансин: 

иссиқлик таъминоти тизимига энергия ва ресурсларни тежайдиган янги технологиялар ва ускуналарни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этиш; 

энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, шунингдек, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш йўли билан кўп хонадонли уй-жой фонди, ижтимоий ва бошқа объектларнинг номарказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш; 

жисмоний ва маънавий эскирган тежамкор бўлмаган қозонхона агрегатларини алмаштирган ҳолда ишдан чиққан магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш; 

энергия ресурслари истеъмол қилиниши ва ишлаб чиқарилишининг меъёр бўйича ҳисобга олинишини ташкил этиш, истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти хизмати ҳақини ҳисоблаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш; 

ноишлаб чиқариш харажатлари ўсишига йўл қўймаслик ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилишда меъёридан ортиқча нобудгарчиликларни камайтириш ҳисобига сарф-харажатларни қисқартиришга йўналтирилган иссиқлик таъминоти тизимида ягона техник сиёсатни амалга ошириш. 

2. 2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) тасдиқлансин, у қуйидагиларни ўз ичига олади: 

2018-2022 йилларда маҳаллий қозонхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш параметрлари 1-иловага мувофиқ; 

2018-2022 йилларда энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, жумладан, гелиоқурилмаларни қўллаш параметрлари 2-иловага мувофиқ; 

2018-2022 йилларда марказий қозонхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш параметрлари 3-иловага мувофиқ; 

2018-2022 йилларда иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш параметрлари 4-иловага мувофиқ; 

2018-2022 йилларда хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш параметрлари 5-иловага мувофиқ; 

2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш комплекс тадбирлари 6-иловага мувофиқ. 

3. Белгилаб қўйилсинки: 

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари – Дастурнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилиши учун масъул бўлган ижро этувчи органлар ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Кўп хонадонли уйлар ва иссиқлик таъминоти объектлари қуриш бўйича инжиниринг компанияси – Дастур доирасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича буюртмачи ҳисобланади; 

“Иссиқликэлектрлойиҳа” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика “ЎзИнжиниринг” лойиҳа институти – Дастур доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилотлари ҳисобланади. 

4. Қуйидагилар тасдиқланган Дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари сифатида: 

а) маҳаллий қозонхоналарни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва қуриш қисмида: 

ижтимоий соҳа объектлари учун – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига марказлаштирилган инвестиция маблағлари; 

кўп хонадонли уйлар учун – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, пудрат ташкилотларининг маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

б) марказий қозонхонларни ҳамда иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш учун – иссиқлик таъминоти ташкилотларининг ўз маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига марказлаштирилган инвестиция маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларининг маблағлари; 

в) хонадонлар ички якка тартибдаги иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш учун – турар жой ва нотурар жой хоналари мулкдорларининг маблағлари, шунингдек, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари; 

г) марказий қозонхоналар ва иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ҳамда реконструкция қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш доирасида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари (техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари)ни ТИА (ТИҲК) ишлаб чиқиш учун – Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

д) маҳаллий қозонхоналарни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун – Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари. 

5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Иссиқликэлектрлойиҳа” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика “ЎзИнжиниринг” лойиҳа институти, “ТошуйжойЛИТИ” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда: 

2017 йилнинг 1 сентябрига қадар марказий қозонхоналарни, иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларнинг ТИА (ТИҲК) ишлаб чиқилиши ва ваколатли органларда экспертизадан ўтказилишини ҳамда маҳаллий қозонхоналарни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва ваколатли органларда экспертизадан ўтказилишини таъминласин; 

лойиҳаларнинг ТИА (ТИҲК) ва лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда тасдиқланиши натижалари бўйича Дастур доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган пудрат ташкилотларини тегишли тажрибага, техник ва молиявий салоҳиятга эга бўлган ташкилотлар орасидан тендер (танлов) асосида аниқлаш, бунда тендер (танлов) ҳужжатларида маҳаллий қозонхоналар қуриш ва кейинчалик уларга таъмирлаш-сервис хизмати кўрсатиш назарда тутилсин. 

6. Дастурни амалга ошириш доирасида бир босқичли тартибда лойиҳаларнинг ТИА (ТИҲК)ларини тасдиқлаш билан бирга лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқишга рухсат берилсин. 

7. Лойиҳада энергия самарадорлиги юқори маҳаллий қозонхоналар ёки хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимидан фойдаланиш назарда тутилмаган янги қурилаётган кўп хонадонли уйлар, шунингдек, ташкилотлар ва идораларнинг бинолари бўйича архитектура-режалаштириш топшириқларига розилик бериш қатъиян тақиқлансин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Халқаро қуёш энергияси институти билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий қозонхоналар, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизими, қуёш коллекторлари билан бирга лойиҳалаштирилган объектларнинг энергия самарадорлиги бўйича шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини, шунингдек, қуёш коллекторларини тайёрлаш, синаш ва қўллаш бўйича давлат стандартларини ишлаб чиқсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2343-сонли қарори билан тузилган Республика энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш комиссияси зиммасига (А.Н.Арипов) қуйидаги вазифалар юклансин: 

Дастурни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш; 

иссиқлик таъминоти тизимида энергия ва ресурсларни тежайдиган янги технологиялар ҳамда ускуналарни жорий этиш бўйича, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда тавсияномалар ишлаб чиқиш; 

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарларининг Дастур амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиб бориш; 

Дастур параметрларига асосли ўзгартиш ва аниқликлар киритиш. 

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги 2018 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан марказлаштирилган капитал маблағлар лимитлари ажратилишини назарда тутсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурини ишлаб чиқишда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энергия самарадорлиги юқори маҳаллий қозонхоналар, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимлари ишлаб чиқаришни ташкил қилишни назарда тутсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АК, “Ўзбекэнерго” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари белгиланган тартибда, мансублиги бўйича қурилаётган маҳаллий қозонхоналарга зарур муҳандислик ва коммуникация тармоқлари тортилишини, шуниндек, табиий газ, электр энергияси ва совуқ сув узлуксиз бериб турилишини таъминласинлар. 

13. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, “Ўздавнефтгазинспекция” ДИ, “Ўздавэнергоназорат” ДИ билан биргаликда маҳаллий қозонхоналар, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимлари ўрнатилиши ва фойдаланишга қабул қилиниши устидан доимий назоратни таъминласинлар. 

14. Республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, Дастурни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар 2023 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловлари тўлашда (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) озод қилинсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 апрель 

 

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
«2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини 
ривожлантириш дастури тўғрисида» ги қарорига
 
ШАРҲ


Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш энг муҳим омиллардан бири саналади. 

Мамлакатимизда марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 1950-1970 йилларда очиқ сув тақсимоти ҳамда бино ва иншоотларнинг иситиш тизимларини иссиқлик тармоқларига улаш схемаси асосида ташкил қилинган. 

Монтаж қилишда кам маблағ сарфланадиган, аммо фойдаланишда катта миқдорда маблағ талаб қиладиган бундай марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларининг ўзига хослиги ички иситиш тизими ва иссиқлик тармоқлари қувурларининг хизмат қилиш муддати қисқалиги, иссиқликни ишлаб чиқариш, транспортировка ва истеъмол қилишда эксплуатация харажатларининг юқорилиги, тармоқлар орқали сув узатиш ва иссиқлик қуввати таъминотида белгиланган меъёрдан ортиқ маблағ сарфланиши билан ифодаланади. 

Бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқларнинг ўта эскиргани сабабли, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимида иссиқлик манбаларидан мақбул даражада фойдаланишнинг имкони бўлмаяпти, бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятига, истеъмолчиларни иссиқлик хизмати ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Марказлаштирилган иссиқлик таъминотидан узилган айрим кўп хонадонли уйлар кўпинча сертификатга эга бўлмаган ва ёнғин хавфсизлиги кафолатланмаган газ ва электр ускуналари билан иситилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш, иссиқлик таъминоти тизимини замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида янгилаш ва модернизация қилиш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш мақсадида қабул қилинди. 

Мазкур қарор билан мамлакатимизда иссиқлик таъминоти тизимини янада ривожлантириш бўйича қуйидаги устувор вазифалар белгилаб берилди: 

иссиқлик таъминоти тизимига энергия ва ресурс тежайдиган янги технология ва ускуналарни, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этиш; 

кўп хонадонли уй-жой фонди, ижтимоий ва бошқа объектларнинг марказлаштирилмаган иссиқлик таъминоти тизимини энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, шунингдек, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминот тизимини ўрнатиш орқали ривожлантириш; 

жисмоний ва маънавий эскирган, тежамкор бўлмаган қозонхона агрегатларини, ишдан чиққан магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш, алмаштириш; 

энергия ресурслари истеъмоли ва ишлаб чиқарилишини меъёр бўйича ҳисоблашни амалда қўллаш, истеъмолчиларни ҳамда иссиқлик таъминоти хизматларини ҳисоблаш ва тўловларни амалга оширишга автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш. 

Қарорда 2018-2022 йилларда марказий қозонхона, иссиқлик тармоқлари, маҳаллий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган, жумладан, гелиоқурилмаларни қўллаш орқали маҳаллий қозонхоналар қуриш, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш параметрлари, шунингдек, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тасдиқланди. 

Ушбу қарорда Дастурнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари масъул этиб, шунингдек, иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш (ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш)нинг барча босқичлари инобатга олинган ҳолда лойиҳаларни амалга оширишга комплекс ёндашувни кўзда тутувчи Иссиқлик таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш концепциясини ишлаб чиқиш белгиланди. 

Юқорида қайд этилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари, пудрат ташкилотлари маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,7 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган. 

Қарорда маҳаллий қозонхоналар ва хонадонлар ичидаги якка тартибдаги иссиқлик таъминоти тизимининг энергия самарадорлиги бўйича шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш, бино ва иншоотлар лойиҳасида уларга қуёш коллекторлари ўрнатишни назарда тутиш, шунингдек, қуёш коллекторларини тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва қўллашга доир давлат стандартларини ишлаб чиқиш белгиланган. 

Шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатимизда энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар, хонадонларга якка тартибда ўрнатиладиган ички иссиқлик таъминоти тизимлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳамда уларни Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш назарда тутилган. 

Мазкур қарорнинг ижро этилиши: 

биринчидан, шаҳар ва туман марказларида иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулай шароитлар яратиш; 

иккинчидан, барча тоифадаги истеъмолчиларни иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти билан таъминлаш; 

учинчидан, самарадорлиги юқори бўлган қозонхона ва насос ускуналарини ўрнатиш, шунингдек, замонавий технологияларни қўллаш ҳисобидан табиий газ ва электр энергиясини тежаш имконини беради.

Манба: ЎзА

Поделиться