Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дунё гимнастика юлдузлари Тошкентда
2017-04-24 | Спорт
Спортнинг энг гўзал, нафис тури мухлисларининг эътибори шу кунларда пойтахтимизга қаратилган. Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи мусобақаси бошланди.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония ва Қозоғистон каби давлатлардан юзга яқин гимнастикачи ўзаро баҳслашмоқда.
Тошкентдаги Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби томошабинлар ва хорижлик меҳмонлар билан гавжум.
21 апрель куни мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди.
Ўзбекистоннинг спорт соҳасида нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Буни нуфузли халқаро турнирлар, жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ғалабалари яққол тасдиқлайди. Спортчиларимиз кўплаб олтин, кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлаётгани билан фахрланамиз. Булар мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънавий етук баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишлар самарасидир.
Ўзбекистонда болалар ва ёшларни спорт билан фаол шуғулланишга оммавий жалб қилиш бўйича уч босқичли узлуксиз тизим яратилган.
Мамлакатимизда қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бадиий гимнастика билан шуғулланувчи қизлар сафи кенгайиб бормоқда. Назокат ва гўзаллик тимсоли бўлган ушбу спорт тури қизларнинг жисмонан соғлом, иродаси мустаҳкам, диди ва дунёқараши юксак инсонлар бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
– Мамлакатингизда ўтказилаётган мазкур мусобақа ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди Настасья Генералова (АҚШ). – Улкан спорт саройида ўз маҳоратимни намойиш этаётганимдан беҳад бахтиёрман.
– Мусобақа жараёнини кузатар эканман, Ўзбекистонда иқтидорли спортчи қизлар кўплигига гувоҳ бўлдим, – дейди ҳакам Моника Форние (Испания).
Жаҳон кубоги босқичида тажрибали гимнастикачиларимиз Сабина Тошкенбоева ва Анастасия Сердюкова мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Ксения Александрова, Сафия Бозорова, Алина Қосимова, Динора Равшанбекова, Комилабону Рустамова, Гўзал Раймановадан иборат гуруҳ иштирок этмоқда.
Манба: ЎзА