Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Спорт мусобақаларига қизғин тараддуд кўрилмоқда

2017-04-24 | Спорт

Жиззахда “Баркамол авлод – 2017” мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мусобақалар ўтадиган асосий иншоотларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланмоқда, иштирокчилар учун ётоқхона ва ошхоналар ҳозирланаётир.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт мусобақалари қаторида “Баркамол авлод” ўйинлари алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу анъанавий мусобақа ёшларни жисмонан ва маънан етук инсонлар этиб улғайтириш билан бирга, уларда жамоа бўлиб ҳаракат қилиш, ғалабага интилиш иштиёқини кучайтиришга хизмат қилмоқда. 

“Баркамол авлод” мусобақаларининг биринчиси ҳам 2001 йилда Жиззах вилоятида ўтган ва унда спортнинг 8 тури бўйича 1 минг 540 ўқувчи иштирок этган эди. Жиззах “Баркамол авлод – 2017” мусобақасининг мамлакат босқичига яна мезбонлик қилмоқда. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 17 спорт тури бўйича 2 мингга яқин ёш спортчи иштирок этиши кутилмоқда. 

“Баркамол авлод – 2017” мусобақалари Жиззах олимпия захиралари коллежи, Жиззах политехника институти, ушбу институт қошидаги академик лицей спорт залларида, футбол майдонлари, спорт иншоотларида ўтказилади. 

Спортнинг гандбол, стол тенниси, волейбол, таэквондо, дзюдо, эркин кураш, юнон-рум кураши, бадминтон, теннис, оғир атлетика турлари бўйича мусобақалар ўтказиладиган Жиззах олимпия захиралари коллежи катта спорт залида, сузиш бассейнида, гимнастика зали ва ошхонасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. 

Жиззах политехника институтининг футбол майдони, ушбу институт қошидаги академик лицейнинг спорт зали мусобақа учун шай ҳолатга келтирилди. Мусобақа иштирокчилари жойлаштирилиши режалаштирилган касб-ҳунар коллежларининг ётоқхона ва ошхоналарини тайёрлаш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилаётир. 

– “Баркамол авлод – 2017” мусобақаларига тайёргарлик кўришда 1 академик лицей ва 5 ўрта махсус, касб-ҳунар коллежида катта ҳажмда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Жиззах вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Б.Ўсаров. – Мусобақалар ўтказилиши белгиланган таълим муассасаларига 11 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, спорт иншоотлари моддий-техник базасини замон талаблари даражасига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш дастурида спортчилар учун вилоят марказининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштириш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишга ҳам алоҳида ўрин берилган. Шу мақсадда бу йўналишдаги тадбирларни юксак савияда ташкил этишни таъминлаш учун пухта ҳозирлик кўрилаётир. Мусобақа қатнашчиларининг таниқли адиблар, хонандалар, актёрлар ва машҳур спортчилар билан учрашувлари режалаштирилган вилоят мусиқали драма театри, “Ёшлар маркази”, Жиззах санъат коллежининг томоша заллари ва саҳналари замонавий жиҳозланмоқда. 

Жиззахлик спортчилар мусобақада муносиб иштирок этишга қизғин тайёргарлик кўраётир. Академик лицей ва коллежларда “Баркамол авлод” мусобақалари дастурига киритилган спорт турлари бўйича энг тажрибали мураббийлар вилоят жамоаси таркибига киритилган спортчилар билан ўқув машғулотлари ўтказмоқда. 

– Ўз майдонингда ўтадиган мусобақа ҳар доим катта масъулият юклайди, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси катта мутахассиси С.Ибодов. – 2001 йилда Жиззахда бошланган дастлабки “Баркамол авлод” мусобақаларида умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринни эгаллаган эдик. Ўтган даврда вилоятда болалар спортининг моддий-техник имконияти ҳам, ёшларимиз салоҳияти ҳам ўсди. Вилоятимиз учун тарихий аҳамиятга эга ушбу мусобақада ёшларимиз юқори натижага эришиши учун барча имконият мавжуд. 

Вилоятда “Баркамол авлод – 2017” мусобақасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиб, унинг бажарилиши соҳа ва йўналишлар бўйича тузилган ишчи гуруҳлар томонидан назорат қилиб борилмоқда. Яқинда “Баркамол авлод – 2017” веб-сайти ишга туширилади. 

 
Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться