Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Улуғ сиймолар ёди

2017-04-24 | Маданият

Ўзбек мумтоз қўшиқчилиги ривожида Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабийнинг хизматлари беқиёс. У истеъдодли хонанда ва моҳир созанда сифатида элга танилган. «Гиря», «Ушшоқ», «Кўча боғи», «Эшвой», «Қаландарий», «Гулёр-Шаҳноз», «Баёт», «Дугоҳи Ҳусайний», «Чоргоҳ», «Мискин», «Насруллойи» каби ашулалар ва куйларни маромига етказиб ижро этган.

Ижрочилик фаолиятини бастакорлик билан биргаликда олиб борган Юнус Ражабий ўзбек мусиқали драмасининг шаклланишига ҳам ҳисса қўшган. «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Аваз» каби кўплаб спектаклларга халқ ашулалари асосида куйлар басталаган. Айниқса, унинг ўзбек мусиқа мероси намуналарини тўплашдаги хизмати катта эътиборга лойиқ. 1935 йилдан халқ куйи ва ашулаларини нотага ёза бошлаган. Юнус Ражабий 5 жилдли «Ўзбек халқ мусиқаси», «Шашмақом»нинг 6 жилдли янги нашри ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини тайёрлаган улкан санъаткордир. 

Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида бўлиб ўтган хотира кечасида «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Юнус Ражабийнинг халқимизга ва келажак авлодларга қолдирган улуғ ва эзгу ишлари, ижоди ёдга олинди. 

Ўзбекистон халқ артисти А.Исмоилов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳ.Ражабий ва бошқалар Юнус Ражабийнинг ҳаёт йўли, ижодий ва илмий фаолияти маданиятимиз ва санъатимиз ривожида муносиб ўрин эгаллаб, у киши қолдирган ўлмас мусиқий асарлар халқимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. 

– Бугун ижро этилган куй ва қўшиқларда Юнус Ражабийни кўргандай бўлдим, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчиси Қ.Сайитов. – Хаёлимда у яратган «Ўзбекистон», «Янграсин гулёр», «Дугоналар», «Кошки», «Гул сочар», «Жудо», «Раъноланмасун», «Чапандоз», «Куйгай» каби қўшиқ ва ашулалар, «Ўйин баёти», «Ўйин дугоҳи» каби куйлар жаранглаб турди. Халқимиз ўзининг улуғ сиймоларини ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг ижодий мероси ҳар биримиз учун қадрли ва ардоқлидир. 

Тадбирда Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамбли атоқли санъаткор яратган куй ва қўшиқлардан жамланган концерт дастурини намойиш этди. 

 

Насиба Зиёдуллаева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться