Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оқила ва ораста қизлар аниқланди
2017-04-24 | Жамият
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 144-умумтаълим мактабида «Ораста қизлар» кўрик-танловининг халқ таълими тизими бўйича якуний босқичи ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар ўқувчи-қизнинг иқтидорини бешта шарт бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди мутахассислари ва педагоглардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, қизларни умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билан қамраб олиш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, юксак маънавиятли қилиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
2013 йилдан буён барча умумтаълим мактабларида "Ораста қизлар" тўгараклари фаолият юритиб, ўз сафида 5-9-синфларда ўқиётган қизларни бирлаштирган. Тўгаракда қизлар мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётга оид ютуқлар бўйича маълумотга эга бўлади. Шунингдек, уларнинг тўғри овқатланиш, гигиена ва тиббиётга доир билимлари мустаҳкамланади. Хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, шифокорлар, психологлар, педагоглар иштирокида давра суҳбатлари, тадбирлар ташкил этилади.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги 3-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Дурдона Бектемирова болалигидан шеъриятга ошно тутинган. Миллий куй-қўшиқларга рақс тушиш жону дили. Унинг "Дурдона сатрлар", "Қушлар қўшиғи" номли шеърий китоблари нашр этилган.
– Мактабимиздаги "Ораста қизлар" тўгараги сардориман, – дейди Дурдона. – Тўгаракдаги тенгдошларимнинг барчаси истеъдодли. Шеър ёзишни машқ қиладиган, расм чизадиган, рақс санъатига қизиқадиган, миллий матоларимиздан бежирим либослар яратишни ўрганаётган қизлар жуда кўп. Устозларимиз ораста қиз ҳар томонлама иқтидорли бўлиши керак, деб уқтиришади.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги 5-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Гулжамол Бозорбоева 1-ўринни эгаллади. Самарқанд шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулнигор Яздонқулова 2-ўринга ҳамда Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Малика Самадова 3-ўринга сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: ЎзА