Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президентимиз замонавий савдо маркази ва турар жойлар лойиҳасини кўздан кечирди

2017-04-21 | Сиёсат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Олмазор туманида барпо этиладиган янги савдо маркази ва кўп қаватли уйлар лойиҳалари билан танишди.

Олмазор туманининг Нурафшон ва Форобий кўчалари кесишган жойда уч қаватли “Эски шаҳар” савдо маркази барпо этилади. Бу ерда харидорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида кафе, галерея, болалар ўйин майдончалари, автомобиллар тўхташ жойи ва бошқа объектлар қурилади. Марказ ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур савдо комплекси қуриладиган жойни кўздан кечирди. Марказнинг учинчи қаватида “Китоб олами” дўкони ва тарихий фильмлар намойиш қилинадиган кинозал барпо этиш кераклигини таъкидлади. 

Пойтахтимизда бундай йирик иншоотни барпо этишдан мақсад Эски шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишдир, деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун комплексни замонавий архитектура талаблари асосида мукаммал қуриш, атрофини ободонлаштириш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Мутасадди раҳбарларга 2018 йил Наврўз байрамигача мазкур объектни фойдаланишга топшириш бўйича топшириқлар берилди. 

Давлатимиз раҳбари шу йил 3 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш чоғида аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, пойтахтимизнинг барча туманларида кўп қаватли замонавий арзон уйлар қуриш режалаштирилаётганини айтган эди. Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги 2017-2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйларни қуриш миқёсини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда дастуриламал бўлмоқда. 

Мазкур ҳужжатга мувофиқ Кичик халқа йўли ва Қорасарой кўчалари оралиғида 7 қаватли 12 турар-жой барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий уй билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз мазкур уйларда яшовчи оилалар рўйхатини шакллантириб, сўнг қурилишни бошлаш кераклигини таъкидлади. Бунда Эски шаҳарда яшовчи уй-жойга муҳтож оилаларни ҳисобга олиш, уйлар тақсимотида адолат мезонларига қатъий риоя этилиши зарурлиги қайд этилди. 

Уйларни қуриш учун 5 гектардан зиёд ер ажратилади. Турар жойларни лойиҳалаштиришда маҳаллий иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари ҳамда халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига хос бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган. 

Давлатимиз раҳбари Қичқириқ канали бўйида бунёд этиладиган янги маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Мазкур боғни туман аҳолиси фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш, бунда Тошкентнинг қадимий анъаналарини ҳисобга олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

 
Матназар Элмуродов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться