Халқимиз азалдан эзгу анъаналари, ўлмас қадриятлари, меҳмондўстлиги, меҳр-оқибатлилиги билан бирга гавжум бозорлари ва улардаги сархил нозу неъматлари, бетакрор ҳунармандлик буюмлари билан ҳам дунё аҳлини ром этиб келган. Мустақиллик йилларида юртимиз бозорларининг қиёфаси тубдан ўзгарди ва бу эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Миллий услубларда барпо этилаётган бозорлар шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшмоқда, харидор ва сотувчилар учун яратилаётган қулайликлар савдо хизмати ва маданиятини юксалтирмоқда. Жаннатмонанд юртимиз бозорларининг ободлиги, маҳсулотларнинг мўл-кўллиги, нарх-навонинг арзонлиги мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини намоён этиб келмоқда.
Мамлакатимиз бозорларидаги ўзгаришларни Андижон деҳқон бозорлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ҳозир вилоятда 25 деҳқон бозори фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда 7 деҳқон бозори реконструкция қилинди. Андижон шаҳридаги "Марказий", Андижон, Избоскан ва Пахтаобод туманларидаги деҳқон бозорлари янгидан барпо этилди, жорий йилда Қўрғонтепа, Хўжаобод, Марҳамат ва Балиқчи туманлари деҳқон бозорларида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бозорларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш, сотувчи ва харидорлар учун қулайликлар яратиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Андижон шаҳрида "Марказий", "Янги бозор", "Жаҳон бозори" каби йирик деҳқон бозорлари ва 10 га яқин кичик бозор фаолият кўрсатмоқда. Йилнинг исталган фаслида ушбу бозорларга кирган киши сархил мева-сабзавот, полиз, қандолат, гўшт, қўйингки, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар билан тўла эканлигига гувоҳ бўлади.
– Биз, кекса авлод вакиллари бир пайтлар шаҳримиз бозорлари қанчалик тартибсиз, кўнгилни хира қиладиган ҳолатда бўлганлигини яхши эслаймиз, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Саидаҳмад Тоштанов. – Очиғи, расталари ҳаминқадар, йўлаклари тор, айниқса, ёмғирли кунларда йўлакларнинг сув ва лой бўлиши сотувчи ва харидорларга қийинчиликлар туғдирарди. Шукрки, истиқлол шарофати билан шаҳримиздаги бозорлар қиёфаси тубдан ўзгарди, хусусан, “Янги бозор” деҳқон бозорида ҳам харидорлар учун барча қулайлик яратилди.
Эндиликда турли маҳсулотлар учун алоҳида кенг, ёруғ павильонлар ажратилган. Бозордаги мўл-кўллик, тартиб ва озодаликдан кўнглингиз яйрайди.
Дарҳақиқат, “Янги бозор” деҳқон бозорида балиқ, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, қуруқ мевалар, нон, қандолатчилик ва бошқа турдаги маҳсулотлар сотиш учун алоҳида-алоҳида павильонлар ажратилган бўлиб, харидорлар учун барча қулайлик яратилган, дўконларда терминал орқали савдо йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида Мустақиллик шоҳкўчаси барпо этиш, "Марказий" деҳқон бозорини қайта қуриш, тадбиркорлар ҳамда ёшлар марказлари, музейлар мажмуаси, маҳаллий маҳсулотлар намойиш этиладиган кўргазма зали, кўп қаватли турар жой бинолари бунёд этиш ҳақида тавсиялар берганди. Ана шу тавсиялар асосида ўтган йили Мустақиллик кўчасининг биринчи қисми ҳамда "Марказий" деҳқон бозори қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
"Марказий" деҳқон бозорининг ишга туширилиши аҳоли учун катта қулайликлар яратди. Бозорда барча турдаги маҳсулотлар сотишга мўлжалланган павильонлар барпо этилди. Жами 1200 га яқин савдо растасига эга бозор қурилиши учун 21 миллиард сўм маблағ сарфланди. Қурилиш ишлари натижасида бозор ҳудуди бир гектарга кенгайиб, умумий майдони 4,7 гектарга етди, 600 тонна мева ва сабзавот сақлашга мўлжалланган совутгич ишга туширилди. Автомобиллар учун тўхташ жойлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари ташкил этилди, савдо хизмати кўрсатиш сифати ва савияси тубдан яхшиланди.
– Бозорда қулай, эмин-эркин савдо қилишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди нон ва нон маҳсулотлари сотувчиси Моҳидилхон Сиддиқова. – Бундай савдо расталарига эга бўлишни анча йиллардан буён орзу қилардик. Президентимиз раҳнамолигида замонавий бозор барпо этилиб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб берилганидан беҳад мамнунмиз.
Бозорлардаги дўконларда музлаткичлар ўрнатилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган тартибда ветеринария, санитария-эпидемиология мутахассислари назоратидан ўтказилиши, сотувчиларнинг мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши қатъий йўлга қўйилган.
– Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда, – дейди Андижон вилояти деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси бошқаруви раиси Ҳотамжон Мамарасулов. – Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда кенг имкониятларга эга савдо мажмуаларини қуриш, бозорларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, замонавий савдо инфратузилмасини шакллантириш, умуман, бозорлар фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, жорий йилда Асака, Олтинкўл ва Шаҳрихон туманлари деҳқон бозорлари янгидан барпо этилади.
Бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилади. Асосий мақсад бозорларимизда аҳолига кенг қулайликлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифати ва савиясини тубдан яхшилаш, фуқароларимиз савдо маданиятини, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА