Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташаббускорликка чорлаётган танлов
2017-04-19 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икромов ва бошқалар кичик бизнeс ва хусусий тадбиркорлик халқнинг турмуш даражасини яхшилаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётганини қайд этди. Мазкур тармоқни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар хусусий секторнинг тараққий этишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови бунга ёрқин мисолдир.
1996 йилда асос солинган танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакиллари эришаётган илғор натижаларни тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида ишбилармонлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш, тадбиркорларнинг имкониятларини юзага чиқаришга хизмат қилиб келмоқда. Ўтган даврда танловда 200 мингга яқин фермер, ҳунарманд ва тадбиркор қатнашди. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва ўрни мустаҳкамланиб бориши самарасида танлов кўлами тобора кенгайиб бораётир. 2016 йилги танлов босқичлари 8 мингга яқин тадбиркорлик субъекти вакилларини ўзида бирлаштирди.
Сўнгги йилларда иштирокчилар орасида фармацевтика, тўқимачилик соҳасида экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётир. Фермерлик йўналишида қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослаштирилган мулкдорлар иштирок этмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларида ташқи бозорда харидоргир бўлган халқ амалий санъати намуналарини тайёрлаётган уста ва косиблар ҳунармандлик соҳасида ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Тадбирда жорий йил ушбу кўрик-танловга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги тегишли фармойишига мувофиқ тайёргарлик кўрилаётгани таъкидланди.
Кўрик-танлов ғолиблари “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” асосий номинациялари, шунингдек, “Йилнинг энг ёш тадбиркори”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновация лойиҳаси”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Энг яхши экспортчи”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” қўшимча номинациялари бўйича аниқланади.
– Бундан ташқари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ «Ташаббус – 2017» кўрик-танловида иккита қўшимча номинация жорий қилинди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бош мутахассиси Исомиддин Нуриддинов. – Бу номинацияларда ўз савдо белгисини ички ва ташқи бозорларга муваффақиятли татбиқ этган ҳамда янги бозорларни эгаллаган, шунингдек, импорт ўрнини босадиган, экспортбоп янги маҳсулотлар ишлаб чиқарган тадбиркорлик субъектлари ғолиблик учун курашиши мумкин бўлади.
Кўрик-танлов доирасида тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар пойтахтимиздаги касб-ҳунар коллежлари ва лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари учун маҳорат сабоқлари ўтказади.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА