Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқ розилиги, ишончи – энг олий саодат

2017-04-19 | Жамият

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, оила саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби устувор йўналишлар белгилаб берилган.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров ЎзА мухбирига бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди: 

– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи янада ортишида юксак самаралар бермоқда, – дейди О.Умаров. – Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, хусусан, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишига оид конституциявий ҳуқуқини кафолатлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги комплекс чора-тадбирлар халқимиз турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилаётир. Бинобарин, мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўртача умр кўриш даражаси 1990 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етгани, оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ камайгани соғлиқни сақлаш тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегияси тиббиётдаги ислоҳотларни янада кенгайтиришда, соҳанинг тараққий этишида муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Ўтган йилларда вилоятда ҳам тиббиёт соҳасида улкан ишлар амалга оширилди. Шаҳар ва туманлардаги тиббиёт муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари замонавий жиҳозлар билан таъминланди, энг чекка ҳудудда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилди. Яқинда Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғида очилган янги шифохона ҳам ана шу ишларнинг амалий ифодасидир. 

“Соғлом она – соғлом бола” тамойили асосида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида 199 минг 780 га яқин вояга етмаганлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Туғиш ёшидаги 186 мингдан ортиқ аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, уларнинг соғлиғи доимий назоратда. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда тез тиббий ёрдам хизматининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони тиббиётнинг муҳим бўғини бўлган шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги ислоҳотларни давр талаби ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур қарор ижроси доирасида ҳам зарур ишлар амалга оширилаётир. 

Шаҳар ва туманлардаги тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилда 6 тиббиёт масканида 39 миллиард сўмликдан зиёд бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. 

Президентимиз шу йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларда амалга оширилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, тиббиёт тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. 

Вилоятда қишлоқ врачлик пунктларини 283 тадан 150 тагача қисқартириш ва 88 қишлоқ врачлик пункти негизида кундузги стационар мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникаларини, қисқартирилаётган қишлоқ врачлик пунктлари негизида янги 37 нимстанция ташкил этиш ва уларда тез тиббий ёрдам тармоғини янада кенгайтириш, икки сменали иш тартибини жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш, оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини кенгайтириш, уларга ихтисослаштирилган ва юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатиш, чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Инсон саломатлигини асраш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада яхшилаш, аҳолига тез ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш биз, соғлиқни сақлаш ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Халқнинг розилигини олиш, унга хизмат қилиш, Президентимиз таъбири билан айтганда, ўзимизга ишонтириш – энг олий саодатдир. 

 
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться