Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2017-04-18 | Сиёсат

2017 йил 18 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 14 январида республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2017 йилги иқтисодий дастурнинг устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари, тармоқлар ва ҳудудларни янада комплекс ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш корхоналари ва минтақаларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилган дастурий чоралар ҳар томонлама ва муфассал кўриб чиқилди. 

Қайд этиб ўтилдики, қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилиши, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатиши “Инсон манфаати – ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоянинг ҳаётга изчил ва самарали жорий этилишини таъминлади. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури тадбирларини фаол амалга ошириш бошланди. Уларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг, биринчи навбатда, давлат бошқаруви тизимини янада ислоҳ қилиш, давлат хизматлари сифатини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш тизимини соддалаштириш ва кенгайтириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 

Хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилишни янада таъминлаш ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш чора-тадбирлари амалга оширилиши тадбиркорлик фаолияти фаоллашишининг сезиларли даражада ўсишига ва жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнеснинг 13,6 мингдан ортиқ ёки 2016 йилнинг худди шу давридагига қараганда 64 фоиз кўп янги субъектлари ташкил этилишига кўмаклашди. Кичик бизнес субъектларига 4,6 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди, бу 2016 йилнинг биринчи чорагидагига қараганда 1,3 баравар кўпдир. 

Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши натижасида мамлакат иқтисодиётига ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 9,7 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитлар – 10,5 фоизга ўсди. Йил бошидан буён 9 та йирик корхона, шунингдек, 4 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Янгидан ташкил этилган «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. 

Тармоқлар ва минтақаларнинг экспорт салоҳиятини сафарбар этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар экспортга маҳсулот етказиб беришнинг ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлади. Йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотини экспорт қилмаган 258 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, товарларнинг 117 та янги турини экспорт қилиш, шунингдек, 28 та янги ташқи сотиш бозори ўзлаштирилди. 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов, Ғ.И.Ибрагимов, Р.С.Азимов, У.У.Розукулов, Т.К.Нарбаеванинг, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ҳамда жорий йилнинг январь-апрелида Қорақалпоғистон Республикасига, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларига ташрифлари давомида берилган топшириқларни амалга ошириш бўйича ҳисоботлари эшитилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматовнинг, Давархитектқурилиш қўмитаси раиси Б.И.Закировнинг, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти раиси Ф.И.Саломовнинг, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти раиси Б.К.Зариповнинг, Тошкент вилояти ҳокими Ш.Х.Бобоевнинг эътибори ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тасдиқланган ўртача муддатли дастурларини, шу жумладан, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани, қишлоқ жойларда ва шаҳарларда арзон уйлар қуришни жадаллаштиришни сўзсиз таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўришнинг зарурлигига қаратилди. 

Давархитектқурилиш қўмитаси раиси Б.И.Закировга шаҳарсозликдаги эскирган нормативларни тубдан қайта кўриб чиқишни ва капитал қурилишдаги номутаносибликларни бартараф этишни назарда тутган ҳолда қўмитанинг бутун тизимини тубдан қайта ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туркуми пакетини ишлаб чиқишни тугаллашни тезлаштириш ва тасдиқлаш учун киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мамлакат Президентининг шу йил 12 апрелда пойтахтнинг Чилонзор туманига ташрифи давомида аниқланган меъморий қиёфани, йўл-транспорт тизимини ва уй-жой-коммунал инфратузилмани яхшилаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари иши самарадорлигини ошириш билан боғлиқ камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Энг аввало, хорижий инвестициялар жалб этилган инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқишни таъминлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида йирик стратегик инвестиция лойиҳалари бўйича ишлаб чиқариш объектларини белгиланган муддатларда сўзсиз ишга тушириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И.Ибрагимовнинг, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси раиси А.С.Султановнинг, “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси раиси Э.Р.Шоисматовнинг ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раиси А.А.Абдуллаевнинг ҳисоботлари эшитилди. Муҳокамалар давомида мамлакат Президентининг Туркманистон, Қозоғистон ва Россия Федерациясига яқиндаги давлат ташрифлари давомида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича имзоланган битимлар ва контрактларни ўз вақтида бажаришни таъминлашга доир қўшимча амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 

Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимовнинг, молия вазири Б.А.Хўжаевнинг, иқтисодиёт вазири Г.К.Саидованинг, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари С.С.Ходжаевнинг, шунингдек, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳокимлари З.Ш.Рўзиев ва Х.Х.Бозоровнинг ҳисоботлари эшитилди. Улар олдига ҳудудий, молия-бюджет ва солиқ режалаштирилишини такомиллаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини ошириш амалий чора-тадбирларини бажариш, туманлар ва шаҳарларнинг субвенция даражасини пасайтириш ва уларни субвенциядан чиқариш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш ҳисобига макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлашни таъминлайдиган кечиктириб бўлмайдиган комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосарларининг шахсий масъулияти алоҳида қайд этиб ўтилди. Уларнинг ишлари самарадорлиги аниқ мезонлари бўйича баҳоланади. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.К.Шараповнинг эътибори туризм соҳасини ривожлантиришнинг яхлит концепциясини изчил амалга ошириш, туризм индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча тўсиқлар ва ғовларни олиб ташлаш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ташкил этишга йўналтирилган дастурий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш зарурлигига қаратилди. 

Мажлисда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш ва сафарбар қилишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқаришни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розукуловнинг, ташқи савдо вазири Э.М.Ғаниевнинг, Жиззах ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари У.Й.Узоқов ва Ў.И.Барноевнинг, шунингдек, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг иши натижадорлиги батафсил таҳлил қилинди. 

Маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кўпайтиришни таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар учун “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси раиси О.Б.Рустамовга, “Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси раиси Н.С.Отажоновга, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган Олтинкўл (Каримов), Булоқбоши (Махсудов), Қўрғонтепа (Эргашев), Хўжаобод (Исмаилов), Бухоро (Эсонов), Вобкент (Жаводов), Бахмал (Сафаров), Сариосиё (Жўраев), Сирдарё (Назаров) ва Қува (Раҳмонов) туманлари ҳокимларига шахсий баҳо берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розукуловга, ташқи савдо вазири Э.М.Ғаниевга, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси раиси О.Б.Рустамовга, “Ўзагроэкспорт” компанияси раиси Ж.А.Холмухамедовга, барча даражалардаги ҳокимликларга логистиканинг замонавий тизимини ривожлантиришни жадаллаштириш, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини, шу жумладан, Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилиши давомида тузилган шартномалар доирасида экспортга етказиб беришнинг кафолатланган ҳажмларини таъминлаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўриш топширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Нарбаева, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Ш.С.Жавлонов ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига оилаларда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида уларни ҳар хил ҳалокатли таҳдидлардан, ёт диний ва экстремистик таъсирлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, хотин-қизларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик соҳасида оқилона машғул бўлишини таъминлаш мақсадида маънавий-ахлоқий ва тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. 

Мажлисда 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини ҳамда тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг тасдиқланган мақсадли параметрларини муваффақиятли бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича мамлакат Президентининг жорий йил 11 апрелдаги қарори талаблари амалда рўёбга чиқарилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. 

Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2017 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан мавжуд захираларни сафарбар этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Манба: ЎзА

Поделиться