Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди
2017-04-18 | Жамият
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланди.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ташкил этилган мазкур фестивалнинг очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда Биринчи Президентимиз асос солган миллий тасвирий санъатни янада равнақ топтириш, унинг бетакрор мактаб ва анъаналарини бойитиб бориш, ижодкор ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, таълимнинг барча бўғинларини тубдан такомиллаштириш, ёш авлодга бўлган ғамхўрликни кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар халқчиллиги билан юртдошларимиз эътиборини қозонди. Бу масалалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида кўзда тутилган мақсадлар билан ҳамоҳанг.
Санъат ҳафталиги тадбирлари ғоят қизиқарли ва ранг-баранг бўлиб, уларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ижодкорлар, мусаввирлар, халқ амалий санъати усталари, дизайнерлар, ҳайкалтарошларнинг ўзаро ижодий мулоқоти учун қулай шароит яратилади. Айни пайтда фестиваль тадбирлари, турли кўргазмалар, тақдимот маросимлари, ижодий танловлар давомида янгидан-янги истеъдод соҳибларини аниқлаш, уларнинг ижод намуналари билан яқиндан танишиш имконияти пайдо бўлади.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида устоз-шогирд анъаналарининг бардавомлиги, баҳор, бугунги тинч ва осойишта кунларимизни, халқимизнинг кайфияти, руҳияти, эзгу орзу-интилишларини акс эттирувчи асарлардан иборат қизиқарли бадиий кўргазмалар бўлиб ўтади.
Нафис санъат марафони давомида Марказий кўргазмалар зали атрофи ҳамда унга туташ хиёбонда ўқувчи-ёшлар Ватанимиз, мафтункор табиат манзаралари, миллий анъана ва қадриятларимизни тасвирга кўчиради. Кулолчилик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик ва бошқа амалий санъат йўналишларида ижод қилади. Шу ернинг ўзида устоз мусаввирлар иштирокидаги маҳорат сабоқлари асосида билим ва тафаккурларини янада бойитади.
– Ушбу тадбир ғоят кўтаринки руҳда ўтмоқда, – дейди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито. – Бу ерда тасвирий ва амалий санъатнинг кўплаб йўналишлари, Ўзбекистон ҳамда турли мамлакатларнинг маданияти ва санъати намойиш этилаётгани ижодий мулоқот учун муҳимдир. Халқларимиз тасвирий санъатидаги ҳамоҳанглик, ўхшашлик кўпроқ миниатюрада, ҳар бир детални ғоят аниқ ва мўъжаз ифодалашда яққол намоён бўлади.
Фестиваль кунлари "Энг яхши ўқув муассасаси", "Энг яхши мураббий", "Энг яхши тасвирий санъат асари", "Энг яхши амалий санъат асари", "Энг яхши кўргазма", "Энг яхши маҳорат дарси" танловлари ҳам ўтказилади.
Манба: ЎзА