Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таэквондо: куч, тафаккур ва саломатлик
2017-04-18 | Спорт
Қаршида таэквондо (WTF) бўйича Амир Темур кубоги учун мамлакат очиқ чемпионати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Таэквондо ассоциацияси томонидан ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 2000-2002, 2003-2005, 2006-2007 йилларда туғилган 850 дан ортиқ спортчи ўн вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди.
Чемпионатда умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Қашқадарё ва Бухоро вилояти таэквондочилари эгаллади.
– Бугунги турнирда қўлга киритган натижам фаолиятимдаги энг юқори ғалабам бўлди, – дейди 2002 йилда туғилган ёшлар ўртасида 45 килограмм вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган Косон туманидаги 19-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Даврон Бегимов. – Болалигимдан шарқ яккакурашига қизиқаман. Уч йилдан буён мураббийим Элшод Шаҳриев қўл остида машғулотларга қатнашаман. Ҳозирга қадар вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилган 20 дан ортиқ мусобақада иштирок этиб, 17 медални қўлга киритдим. Мактабимизда спорт билан шуғулланиш учун барча шароит мавжуд. Мақсадим – таэквондо бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиш.
Манба: ЎзА