...Шанба – 15 апрель. Беш-ўн дақиқадан кейин Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Паркент ҳамда Юқори Чирчиқ туманлари аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабул бошланади.
Мажлислар залига бироз вақтлироқ кирганимиз учун гап гапга уланиб, ўрта ёшлардаги киши билан суҳбатлашиб қолдик.
– Сайёр қабулларда кўтарилган муаммолар, ечимини топган масалаларни эшитиб одам хурсанд бўлиб кетади-ей, – дейди суҳбатдошим юз-кўзи чақнаб. – Ўзим шу ерга яқин маҳаллада тураман. Бугун аҳоли саломатлиги, экология билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб беришларини сўраб келдим. Хуллас, айрим хонадонлар махсус чиқинди ташлаш жойи бўла туриб, мактаб ёнини ахлатхонага айлантириб олган.
“Тушунаяпсизми, масала қаерда?” дегандай бир муддат тикилиб, яна давом этди.
– Тўғри, одамларга тушунтирдик. Барибир муаммо ҳал бўлмаяпти-да...
Сайёр қабул бошланди.
Жорий йилнинг 14 апрель кунига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига иккала туман аҳолисидан 4 минг 660 дан ортиқ мурожаат тушган. Мурожаатларнинг 2 минг 900 дан ортиғи Юқори Чирчиқ тумани аҳолисидан бўлиб, бугунги кунда уларнинг 93,7 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари ижрода. Паркент тумани аҳолисидан тушган 1 минг 744 мурожаатнинг 1 минг 603 таси кўриб чиқилган, 141 мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида. Мурожаатлар асосан уй-жой, банк-молия, моддий ёрдам, иш ҳақи ва пенсия, судларда ишлар кўрилиши, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, меҳнат ва бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, электр энергияси, табиий газ таъминоти каби йўналишлар билан боғлиқ. Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари вакиллари, Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ ва Паркент туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари мазкур мурожаатларни бевосита муҳокама қилиши алоҳида таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларида Тошкент вилояти бошқа соҳалар билан бир қаторда қишлоқ хўжалигида ҳам катта салоҳият ва кенг имкониятларга эга эканини таъкидлаб, келгусида ҳудудда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кескин кўпайтириш ва уларни экспорт қилишни янада ошириш, чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳар бир туман бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилишини айтган эди.
– Ҳудуд аҳолиси мурожаатларини таҳлил қилганимизда, уларнинг кўп қисми меҳнат ва бандлик, ишга жойлашиш масалаларидан иборат экани маълум бўлди, – дейди Паркент тумани ҳокими Ўктам Алимов. – Президентимиз Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда Паркентни узумчилик соҳасида намунавий туманга айлантириш таклифини берган эди. Шу асосда 4 минг 582 гектар ер майдонининг лойиҳаси ишлаб чиқилиб, туман аҳолисига, фермерларга белгиланган тартибда бўлиб берилди. Шу кунларда бу майдонларда иш қизғин. Баҳор ойида 1 минг 50 гектар жойга ток экиш ишлари якунланади. Кузга бориб яна 1 минг 800 гектарда, 2018 йилда қолган майдонларда ток экиш ишлари давом этади. Белгиланган майдонларда токзорлар яратилганидан кейин, аниқроғи келгуси йили 9 минг 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Токзорлар тўлиқ ҳосилга киргандан кейин бу майдонларга 34 минг ишчи керак бўлади. Бу ҳудуд ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда катта аҳамиятга эга. Бугунги сайёр қабулда фуқароларга бу ва бошқа йўналишлардаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бердик, уларни қийнаётган муаммоларни тингладик. Шахсан ўз фаолиятимни, туман мутасадди идоралари раҳбарлари фаолиятини танқидий баҳолаб, халқнинг ичига кириб бориш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш зарурлигини янада теран англадик.
Паркент туманини жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида 126 лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, улардан 21 таси саноат, 23 таси хизмат кўрсатиш йўналишлари, қолгани қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид лойиҳалардир.
Дарҳақиқат, жамиятда ижтимоий адолат таъминланганда халқнинг бунёдкорлик салоҳияти, яратувчанликка интилиши ортиб, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча даражадаги раҳбарларни халқ қалбига қулоқ солишга, одамларнинг дардини астойдил тинглашга, муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам беришга қатъий даъват этаётгани, бу борада шахсан ўзи ўрнак бўлаётгани барчамиз учун дастуриламалдир, – дейди Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов. – Сайёр қабулда Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига тушган мурожаатларнинг асосий қисми жойида, туман ҳокимлиги доирасида ҳал бўлаётгани бизнинг бу борада ҳали қиладиган ишимиз кўп эканини кўрсатади. Биз, аввало, бу мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда, қайси ҳудудда қандай муаммолар кўп учраётганини кўриб чиқдик. Туман раҳбари сифатида жойларда уй-жой, иш ҳақи, бандлик, суд қарорлари ижроси, табиий газ, электр энергияси таъминоти, соғлиқни сақлаш, таълим, банк-молия масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини тушундик.
Сайёр қабулда ҳар икки туман аҳолисидан соғлиқни сақлаш масаласига оид 10 га яқин мурожаат бўлди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди, қолганлари қатъий назоратга олинди.
– Паркент тумани Қорақалпоқ қишлоғидан келдим, – дейди 77 ёшли онахон Анзират Маҳмудова. – Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига касалликдан азият чекаётганим, даволанай десам, моддий имкониятим йўқлигини айтиб мурожаат қилган эдим. Мана, кўрдингиз, бугуноқ касаллигим бўйича Тошкент шаҳридаги касалхоналардан бирига йўлланма беришди, хотиржам бўлдим. Бунинг учун шундай савоб ишлар бошида турган Президентимиздан миннатдорман.
Паркентлик Маҳзуна Абдумўминова Чўлқудуқ маҳалласидаги 10 сотихлик ташландиқ майдонда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, "Гўзаллик салони" қуриш нияти борлигини айтди.
– Ер ажратиш, кредит олиш масаласида тегишли идораларга кўп мурожаат қилиб, ижобий жавоб ололмаган эдим, – дейди М.Абдумўминова. – Мана туман ҳокимлиги ва тижорат банки мутасаддилари ўз тадбиркорлигимни бошлашим учун барча зарур шароитларни яратишга ваъда берди. Ер ажратиш масаласи уч кун ичида ҳал қилинадиган бўлди.
Юқори Чирчиқ тумани “Болта” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турғунбой Пирматовнинг ўз яшаш манзили яқинидан ўтган серқатнов йўлга светофор ўрнатишларини сўраб қилган мурожаати туман ички ишлар идораси мутасаддилари томонидан қаноатлантирилди.
...Кун бўйи давом этган сайёр қабул якунланганда залдан чиқаётган мурожаатчилар юз-кўзида мамнунлик ва кўтаринки кайфият уйғун эди. Камина ҳам шундай кайфиятда ташқарига йўл олар эканман, ҳалиги маҳалла фаолини кўриб қолдим.
– Муаммонгиз ҳал бўлдими? – деб сўрадим ундан.
– Ҳа, ҳал бўлди, албатта, – тетик жавоб берди у. – Аслида мен айтган нарсани муаммо ҳам деб бўлмайди. Шу масалани сал жиддийроқ киришиб ўзимиз ҳал қилсак бўларди, ҳатто маҳаллага ҳам айтмай. Рости, энди шу иш давлат раҳбаригача бориб етганидан ўзим хижолат бўлаяпман. Ҳар биримиз ўз ишимизни ўзимиз, билиб-билиб бажарсак, ҳаммаси ўз ўрнида ривожланиб кетаверади. Очиқ мулоқотдан шу хулосани олдим.
Икром Аввалбоев, ЎзА
Манба: ЎзА