Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

«Очиқлик индекси» рейтинги натижалари эълон қилинди

2017-04-17 | Жамият

Тошкентда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг «очиқлик индекси» бўйича дастлабки рейтинг натижалари эълон қилинди. Жорий йил 1 январгача бўлган даврни ўзида ифодалаган мазкур кўрсаткичлар билан www.ochiqlik.uz веб-ресурсида танишиш мумкин. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни бу борадаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир. Қонун ахборотдан фойдаланувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланишини ҳуқуқий кафолатлаш билан бир қаторда давлат органлари фаолиятини очиқлигини таъминлашнинг шакл ва услублари, давлат органлари ва жамият ўртасидаги ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини белгилаб берди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилди. 

Кенгаш томонидан ишлаб чиқилган тегишли методика ҳамда регламент асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторинги бўйича ишлар бошланди. 

Жорий йилнинг 14 апрель куни пойтахтимизда Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг «очиқлик индекси» бўйича 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра рейтинги тақдимоти ўтказилди. 

Дастлабки рейтингни тузишда давлат идораларида очиқликни таъминлашга қаратилган институционал ҳамда норматив-ҳуқуқий базанинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган. 47 давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 97,5 балл тўплаган ҳолда биринчи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир хил кўрсаткич (96,33) билан иккинчи, Адлия вазирлиги (93,67) учинчи ўринни банд этган. Рўйхатнинг қуйи поғоналарини банд этган Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Сурхондарё, Фарғона, Андижон ҳамда Навоий вилоятлари ҳокимликларида бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўплигини кўрсатди. 

Рейтинг кўрсаткичлари бир қатор давлат органларида очиқликка етарли даражада эътибор қаратилмаётгани, баъзан фуқароларнинг қонуний талабларини инкор қилган ҳолда уларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари ҳам учраётганини кўрсатмоқда. 

– «Очиқлик индекси» мониторинги бўйича олиб борилаётган чоралар фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви тизимидаги иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган ноёб механизм сифатида қаралмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. – Мониторинг якунлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида жамоатчилик билан алоқаларни янада кучайтириш, самарали корпоратив ахборот сиёсати стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари мунтазам амалга оширилади. Натижалар ҳар йили икки маротаба (1 январь ва 1 июль ҳолатига) эълон қилиб борилади. 

 

Беҳзод Бозоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться