Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Франция ТИВ раҳбари билан учрашув
2017-04-15 | Сиёсат
2017 йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Франция Республикаси Ташқи ишлар ва халқаро тараққиёт вазири Жан-Марк Эро билан учрашди.
2017 йилнинг 29 март куни Парижда бўлиб ўтган икки томонлама музокараларнинг давоми сифатида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Франция муносабатларининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди ҳамда минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, 2017 2018-йиллар учун имзоланган вазирликлараро Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни тизимли асосда ривожлантириш ва мустаҳкамлашга имкон яратади.
Суҳбат давомида вазирлар томонидан 2017 2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, июнь ойининг бошига мўлжалланган «MEDEF International» француз корхоналари ҳаракати етакчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли якун топишидан томонлар манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда Франция Элчиси Виолен Биет де Вилмор иштирок этди.
Шаҳриёр Турғунбоев олган сурат
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги