Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижлик инвесторлар Ўзбекистондаги инвестиция муҳитидан мамнун
2017-04-14 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жомбой туманида вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимотида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарига вилоятда “Ўзмиллийбанк” томонидан молиялаштирилаётан енгил саноат лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди. Мазкур банк томонидан молиялаштирилаётган “8 март”, “Urgaz textile”, “Urgaz Caret”, “Arfa Exprod”, “Alnazar orzu servis”, “Samarqand Oqdaryo textil tola” каби масъулияти чекланган жамиятларида йилига 110,4 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутиган.
Бу корхоналарда тайёр трикотаж, жинси маҳсулотлари, кўйлак ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. Корхоналар тўлиқ қувват билан ишга тушгач беш мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Шундан сўнг “Асака банк” томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлди. “Next textile”, “Оқдарё текс”, “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамиятларининг истиқболдаги фаолияти муҳокама қилинди.
Президентимизга лойиҳаларнинг аҳамияти, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тури ва сифати, кетадиган ва келтирадиган маблағлар, яратиладиган иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари жаҳон бозорида сифатли ип калавадан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани, пахта толасини қайта ишлашни янада кенгайтириш ва аҳолини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли кийим-кечак билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Соҳани янада ривожлантириш ва корхоналарнинг истиқболдаги режаларини аниқ белгилаш, янги ташқи бозорларни топиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Булунғур туманидаги “Интер лего” масъулияти чекланган жамиятида ип-калава, трикотаж мато ва матони бўяш ҳамда тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 37 миллион евро бўлиб, корхона ишга тушгач, йилига 31 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинади, 700 киши иш билан таъминланади.
Мамлакатимизда енгил саноатни изчил ривожлантириш, тармоққа замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Президентимизга Самарқанд вилоятида 2017-2018 йилларда енгил саноат соҳасида амалга ошириладиган манзилли дастур тақдим қилинди.
Жанубий кореялик инвесторлар томонидан ташкил қилинаётган “Samarkand apparel” корхонасида эркаклар, аёллар ва болалар учун тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида сўзлаб берилди.
Давлатимиз раҳбари вилоятда терини қайта ишлаш, чарм ва махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. “Каттақўрғон чарм” қўшма корхонасида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Самарқанд вилоятида тери хомашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш, чарм-пойабзал соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хитойлик инвесторлар мазкур соҳани янада ривожлантириш, вилоятда сифатли ва жаҳон андозалари даражасидаги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ўзларининг таклифларини баён қилди, Президентимизга Ўзбекистонда хорижлик ҳамкорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит учун миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга эътибор қаратди. Қишлоқ жойларда аҳоли, айниқса, ёшларни муқим иш билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш учун яратилаётган қулай имкониятлар тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, янги иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ошишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев вилоятда енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналари билан танишди.
Манба: ЎзА