Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ ишончи – юксак масъулият
2017-04-12 | Жамият
Халқ депутатлари Нурота тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва таълим самарадорлигини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ўтказилган ўрганиш жараёнларида тумандаги қарийб 400 хонадонда бўлиб, 1 минг 400 дан зиёд фуқаро, жумладан, 100 тадбиркор билан суҳбатлашгани, мулоқотлар мобайнида 180 дан ортиқ турли йўналишдаги муаммолар кўтарилгани қайд этилди. Мазкур муаммоларнинг 40 дан ортиғи депутат ва сенаторлар томонидан жойида ҳал этилди. Хусусан, 12 фуқаро доимий ишга жойлаштирилиб, 87 хонадонга суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. 22 фуқарога тижорат банклари томонидан 106 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.
Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессияда ўрганишлар давригача ечими топилмай келаётган муаммолар давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг муҳокама этилди. Сессияда туман маҳаллий бюджетининг ҳанузгача субвенсиядан чиқарилмаганига эътибор қаратилиб, ундан чиқиш учун мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмаётгани, жумладан, чорвачиликка ихтисослашган ҳудудларда гўшт, сут ва тери маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Табиий бойликлардан қўшимча қиймат яратишда маҳаллий инвестицион дастурлар мавжуд эмаслиги янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш, импорт миқдорини қисқартириш каби омилларда ўз аксини топаётгани қайд этилди.
Йиғилишда туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, айниқса, қишлоқ врачлик пунктларида патронаж хизмати, кексаларни тиббий кўрикдан ўтказишдаги ўзибўларчилик кайфиятининг ҳукмронлиги, тез ёрдам бригадаларининг дори воситалари ва тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланганлиги юзасидан парламент аъзоларининг ўрганишлари натижаси атрофлича муҳокама қилинди.
Сессияда тумандаги таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг бадиий ва ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси ўрганиш натижалари асосида таҳлил этилди. Бир қатор касб-ҳунар коллежларида ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси 20 фоиздан ошмаётгани, бу ўз навбатида, ўқувчи-ёшларнинг назарий билимини мустаҳкамлаш имкониятини чеклаб қўяётганига эътибор қаратилди. Тумандаги 13 мактаб ва мактабгача таълим муассасасининг сифатли ва тоза ичимлик суви билан таъминланмагани ўқувчилар ўртасида юқумли касалликлар кўпайиши хавфини ошириши жиддий танқид остига олинди.
Манба: ЎзА