Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим кафолати

2017-04-12 | Жамият

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга оид янги вазифалар белгиланган. 

Шу асосда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш билан бир қаторда соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунинг яққол тасдиғидир. 

Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар 2017 йил 7 апрелда матбуотда эълон қилинди. 

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан Асосий қонунимизнинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Булардан айримлари Судьялар олий кенгаши билан боғлиқ бўлиб, ушбу тузилманинг фаолиятига оид масалалар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунда тўлиқ ўз ифодасини топган. 

Янги кенгаш конституциявий мақомга эга бўлди. Конституциямизнинг 111-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади. 

Бундай мақом кенгашга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширишнинг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади. Халқаро стандартларда бундай амалиёт доим юксак эътироф этилган. Шунинг учун ҳам кўпгина ривожланган демократик давлатлар конституциялари бундай вазифани амалга оширувчи органлар фаолиятини тартибга солувчи нормаларни ўзида ифодалаган. 

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, мазкур органни ташкил этиш ва унинг фаолияти аввалгидек давлат бошлиғи фармойиши билан тасдиқланган низом асосида эмас, балки қонун билан белгиланишидир. Судьялар олий кенгаши раиси аввалгидек Сенат аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан тайинланмай, балки бошқа бир қатор мустақил конституциявий органлар раҳбарлари каби Президентимизнинг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланиши юқори палатанинг мутлақ ваколатларига киритилди. 

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши раиси Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида, шунингдек, уларнинг органлари мажлисларида иштирок этиши конституциявий жиҳатдан мумкин бўлган шахслар қаторига киритилди. Бу мазкур лавозим юксак обрў ва нуфузга эгалигидан далолат бўлиб, унинг мустақиллигини, дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Эндиликда ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда кенгашнинг ўзи лавозимга тайинлайди. Қонунда назарда тутилган ҳолларда уларни Президент билан келишилган ҳолда лавозимидан озод қилади. Бу жиҳатлар кенгашнинг нуфузини кўтарди ва мустаҳкамлади. 

Авваллари бу лавозимларга тайинлаш ва озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг мутлақ ваколатлари сирасига кирар эди. Шу маънода Судьялар олий кенгашига нафақат ваколат, балки жуда катта масъулият ҳам юкланди. 

Қонунда кенгашни шакллантириш тартиби тўлиқ кўрсатилган. Унга кўра, кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан – жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда бўлади. Бу таркиб судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. 

Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан, кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. 

Юқоридаги нормалар Европа Кенгашининг Венеция комиссияси томонидан илгари сурилган судьяларни танлаш бўйича орган таркибининг камида ярми судьяларнинг ўзидан бўлиши кераклигига оид қоидага мос. 

Кенгаш судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаб олади. Судьяларни тайинлаш, касбий тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этади. Кенгашнинг асосий вазифаларида судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни амалга ошириш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш кабилар белгиланган. 

Кенгаш фаолиятида тадқиқот фаолиятига алоҳида ўрин берилган. Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот марказига айлантирилгани бунинг амалий ифодасидир. 

Мазкур марказ кенгашнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифасини амалга оширишда ўзининг тадқиқотлари билан кўмаклашади. 

Кенгаш судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Президентимизга тақдимномалар киритади. Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юбориш, судьяларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса беради. Судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади. Кенгаш судьяларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонларини, судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитади. 

Юқоридагилардан ташқари қенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунда аниқ белгилаб қўйилган. Масалаларни кўриб чиқишда коллегиалликни, демократизмни кучайтириш мақсадида кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади, деб белгиланган (аввалги комиссияда мажлис унинг аъзоларининг кўпчилиги иштирок этган тақдирда ваколатли деб ҳисобланар эди), кенгаш аъзосини рад этиш ва унинг ўзини ўзи рад этишига оид қоидалар киритилди, судьялар корпусини шакллантириш чоғида судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги эътироф этилди, аввалгидан фарқли равишда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар ҳам захирага киритилиши мумкин эмаслиги қайд этилди. 

Қонунда судьялик лавозимига номзодларнинг захирадан чиқарилишига оид асослар ҳам ўрин олган. Жумладан, номзод захирадан чиқариш тўғрисида ўзи ариза берганда, судьялик лавозимларига номзодлар тайёрланадиган махсус курсларга қабул қилиш танловидан ўтмаганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда, унда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, деб топилганда, вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган, деб эълон қилинганда, жиноят содир этганда, унинг судьялик лавозимига номуносиблиги ҳақида хулоса чиқарилганда каби асослар киритилди. Бундан ташқари, судьялик лавозимига номзод, агар у уч йилдан ортиқ муддат давомида судьялик лавозимига кўрсатилмаган бўлса ҳам захирадан чиқарилиши қайд этилди. 

Мазкур ҳужжатда биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонлари алоҳида, судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонлари алоҳида қайд этилган. Судьялик лавозимига номзоднинг тиббий текширувдан ўтказилиши қонунан белгиланди. Бунда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати кенгашнинг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади. Судьялар малакасини ошириш тадбирларига нисбатан талаблар ўрнатилиб, унга кўра малака ошириш судьялар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, одил судловни амалга оширишда аниқланган тизимли камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади. 

Мазкур ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Манба: ЎзА

Поделиться