Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳурмат ва ҳиммат намунаси
2017-04-12 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги дориломон кунларимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, тинчлик-осойишталик йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш халқимизга хос азалий қадрият эканининг яна бир тасдиғи бўлди.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси Шуҳрат Жалилов билан ЎзА мухбирининг суҳбати шулар ҳақида кечди.
– Мамлакатимиз иқтисодиёти жадал ривожланиб, халқимиз фаровонлиги изчил юксалмоқда, – дейди Ш.Жалилов. – Бу Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг давлатчилик тарихи, миллий-диний қадриятлари ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётган тараққиёт стратегиямизнинг ҳаётбахш самараларидир.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири. Бугун мамлакатимизда уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилиниб, ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва маҳаллаларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тантанали равишда пул мукофотлари топшириш анъанага айланган.
Президентимиз фармонига мувофиқ бу йил ҳам кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган турли байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Ўтказилаётган учрашувлар ва суҳбатларда ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги ҳаётий мисоллар асосида чуқур тушунтирилмоқда.
– Президентимизнинг юқоридаги фармони ва қарори ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Иккинчи жаҳон уруши арафасида мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони уруш фронтларида жанг қилган. Ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг майдонларида қатнашган. Яна миллионлаб инсонлар жанггоҳларда жон олиб, жон бераётганлар учун фронт ортида машаққатли меҳнат қилган. Уларнинг заҳмати уруш қатнашчилариникидан асло кам бўлмаган.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ўша мудҳиш даврда халқимизнинг, ўз оиласининг ор-номуси, тинчлик ва фаровонлиги учун курашганларга ҳар томонлама эъзоз кўрсатиш, биз билан бирга умргузаронлик қилаётган қаҳрамонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Хотира ва қадрлаш кунини кўтаринки руҳда нишонлаш, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини икки миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш маросимларига пухта ҳозирлик кўрилаётир.
Жамғармамизнинг вилоят, туман ва шаҳар бўлимлари томонидан жойлардаги ҳокимликлар билан бирга Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси хонадонига бориб, уларнинг соғлиғи, турмуш шароити ва фикр-истаклари ўрганилди. Ҳозирги кунда кимнинг уй-жойга эҳтиёжи бор, кимнинг турар жойини таъмирлаб бериш керак, кимга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида дам олиб, соғлиғини тиклаши учун бепул йўлланмалар, ногиронлик аравачалари ёки эшитиш мосламалари бериш лозим, ким муқаддас Ҳаж зиёратига боришни хоҳлайди, шу каби ва бошқа мурожаатларни барча масъул ташкилотлар билан биргаликда тезда ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Яна бир муҳим жиҳат – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан бирга уларнинг бугунги нурафшон тонгларимиз йўлида кўрсатган матонати, мардлик ва жасоратининг аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилади.
Нуронийларнинг ҳаёт тажрибаси, панду насиҳатлари жамиятимизда меҳр-оқибат, миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашда, тинчлик-ҳамжиҳатлик муҳитини барқарор сақлашда катта мактабдир. Кексаларимизга имкон борича кўпроқ ёрдам берсак, оғирини енгил қилсак, виждонимиз олдида ҳам, келажак авлод олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади.