Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқ қабулхоналари: мурожаатлар вақтида ечим топмоқда

2017-04-11 | Жамият

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этишга хизмат қилмоқда. 

Халқ қабулхоналарида мурожаат этувчилар учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Кутиш заллари, она ва бола, тиббиёт хоналари замонавий жиҳозланган. Мурожаат этаётган фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаётганидан аҳоли мамнун. 2017 йил 7 апрель ҳолатига кўра, вилоят, туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарига 8 минг 276 мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти уй-жой, қурилиш ва коммунал соҳа, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий соҳага оид масалалардир. 

Ариза ва шикоятларнинг 1 минг 160 таси суд-ҳуқуқ соҳасига, 1 минг 81 таси уй-жой, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш, 948 таси табиий газ, электр таъминоти, тоза ичимлик суви ва коммунал тўловларни ҳисоблаш масалалари, 917 таси иш билан таъминлаш бўйича рўйхатга олинган. Мурожаатларнинг 2 минг 537 таси қаноатлантирилган, 2 минг 71 таси бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилган, 3 минг 454 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат ва бошқа хўжалик органлари томонидан кўриб чиқилмоқда. 

Олтинсой тумани Қумпайкал маҳалласида яшовчи М.Ботирова вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат этиб, турмуш ўртоғи Олтинсой тумани электр таъминоти корхонасида ишлаб чиқаришда юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этгани, ота касбини давом эттирмоқчи бўлган ўғли ушбу соҳа бўйича мутахассис бўлса-да, икки йилдан буён ишга жойлашолмаётгани юзасидан ёрдам сўраган. 

– Мурожаатим асосида ўғлимнинг ўз мутахассислиги бўйича отаси меҳнат қилган корхонага ишга жойлашганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди М.Ботирова. – Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмай кўриб чиқиладиган шундай тизим йўлга қўйилгани учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. 

Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан шу ернинг ўзида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда. Одамларнинг оғирини енгил қилиб, давлатга, адолатга ишончини мустаҳкамламоқда. 

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоят, шаҳар ва туманларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари ўхшаши йўқ тизим сифатида аҳоли учун жуда катта қулайлик бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Б.Жамолов. – Айрим маҳаллий давлат бошқаруви ва хўжалик органлари раҳбар ҳамда мутасадди ходимларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътиборсизлиги натижасида фуқаролар дарду ташвишларини етказиш учун Тошкент шаҳрига боришга мажбур бўлар эди. Халқ қабулхоналари мана шундай ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Эндиликда фуқаро ҳақ бўлса, ариза, шикоят ёки таклифи туманнинг ўзида қисқа вақтда ечим топаётир. Бунинг учун узоқ йўл босиб, овора-ю саргардон бўлишга эҳтиёж йўқ. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолаётгани йўқ. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида ариза, шикоят ва таклифларга тезкор ечим топиш билан бирга, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини атрофлича таҳлил этиш, йўналишлар бўйича мониторинг қилиш ҳам йўлга қўйилган. Ҳар ҳафта якунида мурожаатлар юзасидан ўтказилаётган таҳлилларга кўра, баъзи ариза, шикоят ёки таклиф мазкур йўналишларни комплекс ўрганиб, вилоят миқёсида тегишли қарорлар қабул қилиш орқали аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашаётир. Масалан, жорий йилнинг ўтган давридаги мурожаатларнинг 25 фоизини уй-жой ва якка тартибда турар жой қуриш учун ер ажратиш масаласи ташкил этган. Бу масалада фуқаролар оила қурган фарзандлари ўртасида турар жой етишмаслиги ўзаро низо келтириб чиқараётганини баён этиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида ер участкаси ажратишда ёрдам сўраган. Айрим фуқаролар моддий аҳволи ва оилавий шароитидан келиб чиқиб, фарзандига уй-жой қуриш ва ёрдамчи хўжалик юритиш учун ер участкасини кимошди савдоси орқали эмас, бепул ажратишни сўраган. 

Мазкур масалани ўрганиш жарёнида ушбу муаммо аҳоли демографияси билан бевосита боғлиқ экани маълум бўлди. Жумладан, сўнгги 10 йилда вилоят аҳолиси қарийб ярим миллионга кўпайган. Табиийки, бу жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилаларнинг ўсишига олиб келган. Вилоятда ҳар йили 25 мингдан ортиқ янги оила рўйхатдан ўтаётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш учун сўнгги 5 йилда қишлоқларда 4 минг 500 га яқин намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, таҳлиллар бу борада амалга оширилаётган ишлар янги ташкил бўлаётган оилалар сонига мутаносиб эмаслигини кўрсатмоқда. 

Вилоят Халқ қабулхонаси амалдаги қонун ва ҳукумат қарорига асосан вилоят ҳокими номига мавжуд ер ресурсларини қайта кўриб чиққан ҳолда, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қаноатлантириш учун янги массивлар ажратиш юзасидан таклиф киритди. Шунга мувофиқ, бу масала вилоят ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда Термиз шаҳри ва барча туманларда уй-жойга муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш, жойларда фойдаланилмай турган майдонлардан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш ҳамда ушбу ҳудудларни табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, йўл ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш каби вазифалар белгиланди. Мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар туфайли Термиз тумани ҳудудида якка тартибда уй-жой қуриш учун 2 минг оилага мўлжалланган 155,4 гектар ер ажратилди. 

Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқ ва манфаатларига олий қадрият сифатида қаралаётган мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилаётганининг ёрқин ифодасидир. 

 
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться