Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳарбий тавсиянома олган абитуриентларга 50 фоизлик имтиёз берилади

2017-04-10 | Таълим

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда 50 фоизлик имтиёзга эга бўлади. 

Бугун ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган давлат сиёсатида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам фуқароларимизда бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва Ватанимиз тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўришимиз шарт. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги» қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қарори айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. 

Муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларни катта ҳаётда муносиб ўрин топишида муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур турдаги имтиёз йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Чунончи, 2005 йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар учун мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз тақдим этилган бўлса, 2012 йилдан эътиборан бу кўрсаткич 27 фоиз этиб белгиланди. 

Янги ўқув йилидан бошлаб ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқароларга мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл тақдим этилади. 

Шу билан бирга, Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бошқа бандлари ўзгаришсиз қолдирилди. 

Демак, агар абитуриент мазкур имтиёздан фойдаланган ҳолда танловдан ўта олмаса, мамлакатимизнинг бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тўғрисида ариза топшириши мумкин. Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, Таълим йўналишлари бўйича давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади. Бундай аризалар тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади. 

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларга берилаётган бундай имтиёзлар ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизмат нуфузини янада юксалтиришда, ҳарбий хизмат давомида пухта билим ва тайёргарликни эгаллашида улар учун алоҳида рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. 

– Президентимизнинг жорий йил 4 апрелда имзолаган қароридан беҳад қувондим, – дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган тошкентлик Бекзод Зуҳриддинов. – Чунки бу имтиёзлар ҳарбий хизматни намунали ўтаб, тавсияномага эга бўлган биз каби ёшларнинг ёруғ келажагини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. 

 
Беҳзод Бозоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться