Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида

2020-12-17

Маълумки, 2021 йилда халқимиз неча юз йиллик тарихи давомида орзу қилиб, интилиб яшаган ва ХХ аср сўнггида эришган, мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк, оламшумул воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганига ўттиз йил тўлади.
 
Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўзининг буюк салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонатини намоён этди, оғир синов ва машаққатларни мардона енгиб, катта тараққиёт йўлини босиб ўтди.
 
Юртимиз илгариги иқтисодиёти бир томонлама шаклланган, қолоқ республикадан барча соҳаларда жадал ривожланиб, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланди.
 
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларимиз натижасида, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда.
 
Жаҳон миқёсида давом этаётган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқирозга, шунингдек, бошқа турли таҳдид ва хатарларга қарамасдан, халқимизнинг мустақил тараққиёт йўлидаги амалий ҳаракатлари изчил давом эттирилмоқда.
 
Жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги босиб ўтган ривожланиш йўлимизни сарҳисоб қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларини чуқур таҳлил қилиш орқали олдимизда турган устувор вазифа – Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври учун пойдевор яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришда ғоят муҳим аҳамият касб этади. 
 
Мамлакатимиз мустақиллигининг улкан сиёсий, тарихий ва маънавий-маърифий аҳамиятини инобатга олиб, истиқлол йўлининг асосий мақсад ва вазифаларини янги босқичда оғишмай, самарали давом эттириш, бу қутлуғ санани давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, халқаро майдондаги обрў-эътиборига муносиб юксак савияда, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) ташкил қилинсин ва унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
2. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда қуйидаги устувор йўналишларни атрофлича ёритишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) тасдиқласин:
 
жамиятда қонун устуворлиги ва судларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг вакиллик органлари ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимининг йўлга қўйилгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар;
 
мамлакатимизни модернизация қилиш, давлат ва жамият бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар;
 
“Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича эришилаётган натижалар;
 
иқтисодиётни либераллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирларни қисқартириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини кучайтириш, валюта бозорини эркинлаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш дастурлари, камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси;
 
“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойилини ҳаётга жорий этиш орқали аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, бизнес юритиш шартларини енгиллаштириш, оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ҳунармандчиликни рағбатлантириш учун яратилган янги имкониятлар;
 
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Бир миллион дастурчи” каби ижтимоий лойиҳаларнинг жорий этилиши, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини тубдан ривожлантириш;
 
жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун кўмак ва ёрдам бериш, тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар;
 
ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб бориш, жумладан, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлаш, ёш тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган дастурлар;
 
аҳолини турар жой билан таъминлаш, хусусан намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдам ва кўмакка муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар;
 
буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини барпо этиш борасида белгилаб берилган узоқ муддатли стратегик вазифалар доирасида миллий ғояни ривожлантириш, жумладан, давлат тилининг ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган амалий ҳаракатлар;
 
халқимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури, ҳаётга ва меҳнатга муносабати ўзгариб, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлат ва фуқаролик институтлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар;
 
жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чет эллардаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, қўшни мамлакатлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик муносабатларининг тубдан яхшилангани, минтақавий ва халқаро муаммоларни биргаликда ҳал этиш саъй-ҳаракатлари;
 
мамлакатимизда диний-маърифий соҳага берилаётган катта эътибор, хусусан Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ҳадис ва калом мактабларини ташкил этиш билан боғлиқ амалий ишлар;
 
халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли таъминлаш мақсадида Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, жумладан, миллий армияни модернизация қилиш, ҳарбий саноат комплексини яратиш, ҳарбий таълим тизими ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ улкан ўзгаришлар;
 
жаҳон миқёсида турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олиб, экстремизм, терроризм, наркотрафик, одам савдоси, глобал пандемия каби таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги таҳликали замонда ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган мезонлар асосида доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган муҳим ишлар.
 
3. Республика комиссияси (А.Н.Арипов):
 
Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ишлари ва Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарининг фаолиятини мувофиқлаштириб борсин;
 
жойларда таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маданий-маърифий тадбирлар ва бадиий кечалар ўтказилишини таъминласин;
 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган илмий ва ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбоблари, жумладан, мақом ва бахшичилик санъати вакиллари, истеъдодли ёш ижрочилардан иборат ижодий гуруҳларни шартнома асосида жалб этиш чораларини кўрсин.
 
4. Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда кенг жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги санаси муносабати билан:
 
пойтахтимизда “Истиқлол” мажмуасини ташкил этиш ва у ерда мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композициясини барпо этиш;
 
Тошкент шаҳрида барпо этилаётган ер усти метро ҳалқа йўлини “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги” деб номлаш;
 
“Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ташкил этиш;
 
ўтган даврда эришилган ютуқларга бағишланган “Янги Ўзбекистон” китоб-альбомини ҳамда ҳар бир соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини ёритиб берувчи китоб-альбом ва тўпламларни нашр этиш;
 
2021 йилда юртимизда ўтказилиши режалаштирилган барча халқаро маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, илмий конференциялар, аждодларимиз юбилей саналарини мустақилликнинг ўттиз йиллиги ғояси ва руҳи билан уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ташкил этиш;
 
маданият ва санъатнинг барча йўналишлари (мусиқа, театр, кино, тасвирий ва амалий санъат, цирк, халқ ижодиёти) бўйича республика миқёсида фестиваль ва кўргазмаларни ташкил этиш;
 
юртимиз мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари ҳамда тарихий ва замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги пьесалар танловларини ташкил этиш;
 
мустақиллик йилларида эришилган илмий ютуқлар асосида яратилган инновацион лойиҳа ва технологиялар кўргазмаларини ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
 
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
 
5. Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков):
 
а) масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда юқори бадиий савияда ўтказиш учун мамлакатимиз ва хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин;
 
б) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.У.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х.Шерматов), Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (Р.Д.Қурбонов), Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.М.Ходжиматов) ва Ёзувчилар уюшмаси (С.С.Саидов) билан биргаликда:
 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юртимизда фаолият юритаётган миллий маданият марказларини кенг жалб этган ҳолда байрам тантаналари ва халқ сайилларини ташкил қилсин;
 
маданият ва истироҳат боғларида шартнома асосида таниқли санъат намояндалари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилишини таъминласин;
 
кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратишга бағишланган публицистик мақолалар ва шеърлардан иборат китобни республика бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этсин.
 
6. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х.Камилов) Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков), “Ўзбеккино” миллий агентлиги (Ф.Ф.Абдухаликов), Бадиий академия (А.В.Нуриддинов), Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.М.Ходжиматов) билан биргаликда хорижий мамлакатларда давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан кенг жамоатчилик, жумладан, хорижий мамлакатларда яшаётган ватандошларимизни жалб қилган ҳолда “Ўзбекистон кунлари”ни ўтказсин ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирларни амалга оширсин.
 
7. “Ўзбеккино” миллий агентлиги (Ф.Ф.Абдухаликов) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
 
бир ой муддатда давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами муносабати билан фильмлар яратиш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
 
2021 йил давомида барча туман (шаҳар)лар, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, миллий телеканалларда мустақиллик йилларида яратилган энг яхши бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг кенг намойишини ташкил этсин.
 
8. Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков) Бадиий академия (А.В.Нуриддинов), Ёзувчилар уюшмаси (С.С.Саидов), Журналистлар ижодий уюшмаси (Х.Х.Салимов) ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида – она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминласин.
 
9. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
 
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
 
Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.
 
10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К.Кўчимов), “Дунё” ахборот агентлиги (С.Л.Суяров) ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.
 
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
 
 
 
Ўзбекистон Республикаси
 
        Президенти                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ
 
 
 
Тошкент шаҳри,
 
2020 йил 17 декабрь

Манба: ЎзА

Поделиться